Get Mystery Box with random crypto!

«Эрталаб ва кечқурун пиёда юришни ташкил қилган маҳалла раисла | Zafarbek Solijonov

«Эрталаб ва кечқурун пиёда юришни ташкил қилган маҳалла раислари ва ташкилот раҳбарларини Дубайга юбораман». Андижон ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов қанча пул кетса ҳам одамларни юргазишини маълум қилди.

«Битта маҳаллада беш юзта хонадондан ҳеч бўлмаса биттадан чиқиб бир ой эрталаб ва кечқурун бир соатдан пиёда юрса, ўша маҳалладагиларни барчасини Самарқанд ва Бухорога саёҳатга юбораман. Агарда маҳалла раиси, профилактика инспектори ва уларнинг атрофидагилар уч ой давомида хонадонлардаги фуқароларни пиёда юришга жалб этишни ташкиллаштириб берса, уларни Дубайга юбораман.

Бундан ташқари, узлуксиз равишда эрталаб ва кечқурун ходимлари билан бирга пиёда юришни ташкил қилган ташкилот раҳбарларини ҳам Дубайга жўнатвораман. Қанча пул кетса ҳам майли. Мақсад одамларни юргазиш. Бундан ортиқ бошқа нима қилиш керак?

Эндокрин, юрак қон-томир ва бошқа касалликларнинг келиб чиқиши иккита нарсага — камҳаракатлик ва нотўғри овқатланишга боғлиқ. Камҳаракатлик бўйича қайга борсам гапираяпман. Олдинлари битта каналдан иккинчи каналга олиш учун телевизор олдига борардик. Ҳозир ётган еримизда ҳамма нарсани бошқаряпмиз. Кўчага чиқиб қўлингизни чўнтагингизга солиб чиқариб қўйсангиз машина тўхтаяпти. Бир қадам юрмаяпти. Мен буларни гапиришга мажбурман.

Президентимизга «Андижонликлар ҳаммамиз юрамиз», деб ваъда берганман. Яна бир бор айтаман, авваламбор, ўзингнинг саломатлигинг учун юр, унинг учун юрмасанг, берадиган рағбатим, мукофот учун юр. Унда ҳам бўлмаса, уйингга бориб, мажбурлаб, етаклаб олиб чиқишга мажбур бўламан. Бўлмаса бошқа иложимиз йўқ. Эртага касал бўлгандан кейин миллион-миллион сарфлагандан кўра, касал бўлишнинг олдини олиб қўяйлик.

Шунга миллион сарфлаб қўя қолайлик, деган ҳисоб-китоб билан гапиряпман. Ёқадими-ёқмайдими, қаттиқ-қаттиқ гапиришга мажбурман. Келинглар, ҳаммамиз бир бўлиб, шунга ҳаракат қилайлик. Эрталаб ва кечқурунда бир соатдан пиёда юрайлик, овқатланишни тартибга солайлик», — дейди Шуҳрат Абдураҳмонов.

@Zafarbek_Solijonov