Get Mystery Box with random crypto!

Интим ҳаёт дахлсизлигини бузганлик ва 'гап отганлик' учун жаво | Zafarbek Solijonov

Интим ҳаёт дахлсизлигини бузганлик ва "гап отганлик" учун жавобгарлик ҳақида

Адлиянинг яқинда берган таклифларини яна кўриб чиқдим. Интим ҳаёт дахлсизлигини бузганлик учун жавобгарлик белгилаш таклиф қилиняпти. Бу айни вақтда керак бўлган таклиф.

Охирги воқеалардан хабардорсиз. Депутатнинг интим видеоси тарқатилгани жамоатчилик аксарининг эътирозига сабаб бўлди. Маладес, эътироз тарқатганларга бўлди, аёлга эмас. Тарқатганлар "оммавий сазойи" кутганди. Аслида бу қувонарли, кўпчилик диндорлар аёл гуноҳига ўзи жавоб беради, биздан фойдалана олмайсан деди.

Аёлларга "гап-сўз отиш", уларнинг қадди-қоматини баланд овозда тасвирлаш ("қиччуканми"), таққослаш ("отаканми" кабилар адашмасам) учун маъмурий жавобгарликни белгилаш, аёлларга шикаст етказганлик учун жавобгарликни кучайтириш каби таклифларга ҳам ўз муносабатимни беришни лозим деб топдим.

Таклифларга қўшиламан. Бироқ танганинг иккинчи тарафи ҳам бор - айниқса гап отиш масаласида. Бизнинг тизим, тузум бу модданинг адолатли ва қонунан қўлланилишига туриб бера олармикин? Бу модда ҳам айрим "дежурная статья"лар (хизмат вазифасини бажаришга қаршилик қилганлик, безорилик кабиларни айтаман) қаторига қўшилиб қолмаслигига ким кафолат беради?

Кучишлатар тизимидагилар ҳуқуқий онг, маданияти ҳали ҳаминқадар бўлган халқ вакилларига ушбу моддадан ҳам "тепадан келган буйруқ" йўлида фойдаланмаслигига ким ишонади? Ўйлашимча, лойиҳа ташаббускорлари шу кабиларни ҳам ҳуқуқий асоси (ёки кейинчалик амалиётдан келиб чиқиб пленум қарорлари билан тартибга солинадими, билмадим) нуқтаи назаридан ҳисобини олиши лозим.

Бўлмаса, уларнинг қўлига яна бир "қурол" тутқазилган бўлади. Бу эса кейинги беш йилликнинг "Инсон қадри учун" шиорларига ҳам зид бўлиб қолади.

@Zafarbek_Solijonov