Get Mystery Box with random crypto!

ИШДА ҚОЛИШИМ МУМКИНМИ? Яқинда иш берувчи розилигимсиз ишлаб | YURIST MASLAHATI

ИШДА ҚОЛИШИМ МУМКИНМИ?

Яқинда иш берувчи розилигимсиз ишлаб чиқариш зарурати билан вақтинчалик бошқа ишга ўтказди. Бу иши бажара олмаяпман. Раҳбарим эса шуни асос қилиб мен билан Меҳнат кодексининг 102-моддаси 2-банди билан яъни ишига нолойиқсан деб меҳнат шартномасини бекор қилмоқчи? Шу тўғрими?

ЖАВОБ:

Ҳақиқатдан ҳам Меҳнат кодексининг 100-моддасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш асослари келтирилган бўлиб, унга кўра номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш асосли бўлиши шартлиги келтирилган.

Ушбу модданинг 2-қисми 2-бандига асосан ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши меҳнат шартномасини бекор қилишнинг асосли эканлигини билдиради.

Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли «Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида»ги қарорининг 28-бандига кўра агар ходим у билан тузилган меҳнат шартномасига кўра, айнан бажариши шарт бўлган ишни уддалай олмаётган бўлсагина, нолойиқлиги бўйича у билан бўлган меҳнат муносабатларининг бекор қилинишига йўл қўйилади.

Агар ходим унинг розилигисиз ишлаб чиқариш зарурати билан ёки иш тўхтаб қолганда иш берувчининг ташаббусига кўра вақтинча ўтказилган ишни уддалай олмаётган бўлса, у билан бўлган меҳнат шартномасини ишига нолойиқлиги бўйича бекор қилинишига йўл қўйилмайди, чунки ходим ўтказилган иш ўрни меҳнат шартномасида кўрсатилмаган.

Демак, юқоридаги асосларга кўра иш берувчи сиз билан Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисмининг 2-банди бўйича меҳнат шартномаси бекор қила олмайди. Сиз иш берувчига шу асослар билан мурожаат қилиб кўринг.

Агар иш берувчи шунда ҳам сиз билан меҳнат шартномаси бекор қилишини келтирса, Сиз прокуратура органларига ёки сиз билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида буйруқ нусхаси берилган кундан бошлаб бир ой ичида фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судга мурожаат қилишингиз мумкин.

Cаволингизни: @yuristgamurojaat гa қолдиринг

@yuristlar_maslahati