Get Mystery Box with random crypto!

ЎЗИМ ПЕНСИОНЕРМАН. БОҚУВЧИСИНИ ЙЎҚОТГАНЛИК ПЕНСИЯСИНИ ОЛИШИМ М | YURISTKADR

ЎЗИМ ПЕНСИОНЕРМАН. БОҚУВЧИСИНИ ЙЎҚОТГАНЛИК ПЕНСИЯСИНИ ОЛИШИМ МУМКИНМИ?

САВОЛ.


Мен ёшим 57 да, турмуш ўртоғим вафот этдилар. Битта қизимиз бор, турмушга чиқиб кетган хозир. Бир ўзим қолдим, 440000 сўм пенсия оламан. Турмуш ўртоғим ҳарбий эдилар, мен бокувчисини йўқотганлик пенсиясини олаоламанми ва қандай килиб? Жавоб учун олдиндан раҳмат.

ЖАВОБ.

1993 йил 3 сентябрдаги Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг 938-XII-сонли қонуни (кейинги ўринларда Қонун) 19-моддасида вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзолари боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлиши ҳамда марҳумнинг қарамоғида турмаган ота-онаси ва эри (хотини) ҳам, кейинчалик кун кечириш учун зарур маблағ манбаидан маҳрум бўлиб қолсалар, пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлишлари айтиб ўтилган. Мазкур модданинг «б» бандида пенсия ёшига (55 ёшга) тўлган марҳумнинг хотини оиланинг меҳнатга қобилиятсиз аъзоларидан бири эканлиги кўрсатиб ўтилган.

Эътибор беринг, Қонуннинг 20-моддасига кўра, марҳумнинг бирон турдаги пенсия олаётган оила аъзолари, агар марҳумнинг ёрдами улар учун доимий ва асосий кун кечириш маблағининг манбаи ҳисобланган бўлса — боқувчисини йўқотганлик пенсиясига ўтиш ҳуқуқига эгадирлар дейилган. 21-моддада эса марҳум пенсионернинг оиласига пенсия боқувчининг иш стажидан қатъи назар тайинланиши, 47-модда «в» бандида эса боқувчисини йўқотганлик пенсияси — пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб, лекин пенсия тайинланиши учун мурожаат этишдан олдинги 6 ойдан ошмаган муддатдан эътиборан тайинланади, пенсия марҳумнинг оила аъзоси меҳнатга қобилиятсиз деб ҳисобланган бутун давр учун, оиланинг: эркаклар — 60 ёшга, аёллар — 55 ёшга тўлган аъзолари учун эса — умрбод тайинланиши белгилаб қўйилган.

Демак, юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, агар сиз марҳумнинг тўлиқ боқувида бўлган ёки ундан ёрдам олиб турган бўлсангиз, бу ёрдам сиз учун доимий ва асосий кун кечириш маблағининг манбаи ҳисобланган бўлса, марҳум турмуш ўртоғингизнинг қарамоғида турган деб ҳисобланасиз ҳамда ёшга доир пенсиянгизни боқувчисини йўқотганлик пенсияси турига ўтказиш учун яшаб турган жойингиз бўйича Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига тегишли ариза ва барча зарур ҳужжатлар билан мурожаат этишингиз керак.

Бордию, пенсиянинг бир туридан бошқа турига ўтказиш юзасидан тақдим этган аризангиз рад этилган тақдирда Пенсия жамғармаси бўлими тегишли қарор чиқарилгандан кейин беш кундан кечикмай рад этиш сабаблари, қабул қилинган қарор юзасидан шикоят қилиш тартиби кўрсатилган ҳолда рад этиш тўғрисида сизга хабарнома бериши шарт ва бир вақтнинг ўзида пенсиянинг бир туридан пенсиянинг бошқа турига ўтказиш учун тақдим этилган барча ҳужжатларингизнинг асл нусхаларини ҳужжатлар олинганлиги тўғрисидаги тилхат билан қўлингизга қайтариши керак.

Агар Пенсия жамғармаси бўлими томонидан сизнинг амалдаги пенсиянгиз тури пенсиянинг бошқа турига ўтказиш юзасидан аризангиз қаноатлантирилса, бу тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тўлаш барча зарур ҳужжатлар билан бирга тегишли ариза билан мурожаат қилган ойингиздан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошланади ва сизга янги пенсия гувоҳномаси ёзиб берилади.

Экспертимиз Раъно Исамитдинова

@yuristkadr