Get Mystery Box with random crypto!

Ходимни босим билан ишдан бўшатилганлигини исботловчи баъзи фа | YURISTKADR

Ходимни босим билан ишдан бўшатилганлигини исботловчи баъзи фактлар ҳақида.

Ходим ўз аризаси билан ишдан бўшаганда, суд низолари жуда камдан-кам юз беради.
Чунки, биринчидан, ходим ҳақиқатдан ҳам ўз ҳохиши билан ариза ёзиб бўшаган бўлса, унда эътироз бўлмаслиги табиий ҳол. Иккинчидан, аризани иш берувчининг босими билан ёзганда ҳам, судда ютиб чиқишига ишонмаслиги учун ҳам аксарият ходимлар иш берувчи билан низолашиб ўтирмайди. Шунчаки, тақдирга тан бериб қўяқолади.

Аслида ходимнинг ташаббуси билан ишдан бўшатиш ҳолатларида иш ходимнинг даъвоси билан судгача борганида, суд бошқа важлар билан бир қаторда қуйидаги фактларни:

меҳнат шартномасини бекор қилишга ходим шу корхонадаги ишни ҳақиқатда ташлаб кетиш истагини билдирган ёзма аризасига биноан йўл қўйилганлиги;

ходимнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги аризани иш берувчининг қистови натижасида берган ёки бермаганлигилиги ҳам диққат билан ўрганади.

Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли қарорида (15-банди) шулар ҳақида судларга аниқ кўрсатмалар берилган. Бундан келиб чиқиб, суд меҳнат низоларини кўришда ходимнинг ташаббуси билан ишдан бўшатишда ходимнинг истагини ва унинг ташаббусини инкор қилувчи ҳар бир деталга аҳамият бериш керак.

Биласиз, Меҳнат кодексининг 99-моддасига асосан:

“ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам, икки ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга ҳақлидир” дейилган.

Шу қоидадан келиб чиқиб, доим айтиб келамиз, бу модда билан меҳнат шартномасини бекор қилишда, ташаббус албатта ходимдан чиққан бўлиши керак. Бунинг учун аввал ходимда ишлаб турган ишидан тамомила воз кечиб, ундан бўшаб кетиш истаги туғилиши керак. Айнан истак ўзидан кейинги ташаббуснинг келиб чиқишига замин бўлади.

Бунда истак ҳам, ташаббус ҳам бир шахсда юзага келиши зарур. Агар ишдан бўшаш тўғрисидаги истак дастлаб ходимнинг ўзида эмас, балки иш берувчида туғилган бўлса, демак ташаббус ҳам ходимга тегишли бўлмайди, аксинча иш берувчига тегишли бўлади. Гап нима ҳақида кетаётганлигини менимча тушуняпсиз, тўғрими? Бундай вазиятларда ходимни унинг ташаббуси билан бўшатиш қонуний бўлмайди демоқчиман. Мисол сифатида тушунтираман.

Тасаввур қилинг. 1. Ходимлар иштирокида танқидий йиғилиш бўлди, раҳбар бир ходимга “сени йўқотаман, ортиқ бу ерда ишламайсан, иплооос” деб ўшқирди ва бир кундан сўнг ходим ўз аризасига асосан ишдан бўшатилди. 2. Ёки бўлмасам, йирик бир ташкилотга янги раҳбар келди ва “тозалаш” ишларини ўтказиши ҳақида “тантанали равишда” эълон қилди. Орадан бир хафта ўтар-ўтмай 15 та ходим ўз аризалари асосида ишдан бўшатилди. 3. Яна бир жуда жўн мисолни келтираман. Юқори ташкилотнинг йиғилиш баёни билан қуйи тизимдаги жами 10 та ходим камчиликлари учун ишдан бўшатилиши белгиланди ва натижада шу ходимларнинг 7 таси гўёки ўз аризалари билан ишдан бўшатилди (қолган 3 таси ариза ёзиб бермади). Бунақанги мисоллар кўп.

Кўриб турибсизки, бу вазиятларда ишдан бўшаш ҳақидаги истак ҳам, ташаббус ҳам ариза ёзиб берган ходимлардан эмас, балки иш берувчилардан чиқмоқда.
Мен сизга айтсам, бунда иш берувчи томонидан ходимларга босим бўлганлиги аниқ ва ходимлар иш берувчининг қистови ва босими билан ариза ёзганлигини ва ишдан бўшаш ҳақидаги ташаббус аслида ходимдан чиқмаганлигини исботлаш унчалик қийин эмас. Мана шундай ҳолатларда ходимнинг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқлар НОҚОНУНИЙ БЎЛИБ ЧИҚАДИ.

Адолатли судларимиз, шу каби каби ҳолатларга ҳам эътибор қаратиб қўйинглар.

@yuristkadr