Get Mystery Box with random crypto!

ҲОМИЛАДОРЛИК ВА ТУҒИШ БЎЙИЧА МЕҲНАТГА ЛАЁҚАТСИЗЛИК ВАРАҚАСИГА | YURISTKADR

ҲОМИЛАДОРЛИК ВА ТУҒИШ БЎЙИЧА МЕҲНАТГА ЛАЁҚАТСИЗЛИК ВАРАҚАСИГА УЧ ОЙДАН СЎНГ НАФАҚА ТЎЛАНАДИМИ?

САВОЛ.
Мен 2021 йилнинг 5 январидан бошлаб декретга чиққанман. Лекин менга декрет пули апрел ёки май ойида берилишини айтишди. Шу тўғрими? Аслида декрет пули ходим томонидан керакли ҳужжатлар топширилганидан кейин қанча муддатда тўланиши керак ва бунинг қонуний асоси қандай?

ЖАВОБ.

Саволингиздан маълум бўлмоқдаки, сиз ҳомиладорлик ва туғиш бўйича меҳнатга лаёқатсизлик варақасини назарда тутмоқдасиз.

Адлия вазирлиги томонидан 2002 йил 8 майда 1136-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган «Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 5-бандига кўра:

нафақа, меҳнат қобилияти тикланган, ногиронлик белгиланган, ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаган, вафот этган ёки бола туғилган кундан бошлаб 6 ой муддат ичида мурожаат қилинганда тўланади;

бунда, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси уни олиш учун мурожаат қилинган кунгача бўлган 12 ойдан ошмаган давр учун берилади.

Яна юқоридаги Низомнинг 7-бандига асосан нафақа ойига бир марта — ойнинг иккинчи ярми учун бериладиган иш ҳақи билан бирга тўланилиши кўрсатиб ўтилган.

Бундан кўриниб турибдики, Сиз ҳомиладорлик ва туғиш бўйича меҳнатга лаёқатсизлик варақасини иш берувчига топшириш учун фарзандингиз туғилган кундан бошлаб 6 ой муддат ичида мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлигингиз, иш берувчи томонидан эса, топширилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асосида мурожаат қилган ойнинг иккинчи ярмида нафақа тўлаб берилиши мажбурияти юклатилган.

Агар иш берувчи ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини белгиланган миқдорларда тўлаш мажбуриятини бажармаса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-3-моддасида кўрсатиб маъмурий жаримага тортилиши мумкин.

Раъно Исамутдинова

@yuristkadr