Get Mystery Box with random crypto!

ШТАТИМ ҚИСҚАРГАН, ЛЕКИН МЕНДАН ИШДАН БЎШАШГА АРИЗА ОЛИШДИ СА | YURISTKADR

ШТАТИМ ҚИСҚАРГАН, ЛЕКИН МЕНДАН ИШДАН БЎШАШГА АРИЗА ОЛИШДИ

САВОЛ
.
Салом. сокрашения ҳақида савол бермоқчи эдим. Яқинда сокрашенияга тушганимни айтишди. Аммо мендан уз ҳоҳишим билан тузилган шартномани бекор қилишингизни сурайман деб ариза ёздириб олди раҳбаримиз. Бунга ўн беш кунча бўлиб қолди. Ҳозир канализдан ўқиб биляпманки икки ой олдин огоҳлантириши керак экан. Ҳеч қанақа моддий тўлов бўлмади. Саволим сокрашенияга тушганда ходим ўзи ариза ёзадими? Иккинчи саволим бу ерда қонун бузилган булса, ҳозир мени қандай қонун жиҳатдан моддий ва қонуний ҳуқуқларим бор? Ариза ёзганимга икки ҳафтадан ошди. Жавоб учун раҳмат.

ЖАВОБ.

Агар корхонада ходимлар сонида қисқартириш бўлса, меҳнат шартномаси иш берувчининг ташуббусига кўра Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 1-бандига асосан бекор қилинади.

Ходимларни бундай асос билан ишдан бўшатиш бирданига амалга оширилмайди. Қонунларимизда бу борада бир қатор имтиёзлар ва қўшимча меҳнат кафолатлари бор.

МК 102-моддасига асосан ходимларни юқоридаги асос билан ишдан бўшатишдан аввал иш берувчи ўзининг ишдан бўшатиш нияти ҳақида уларни камида 2 ой олдин ёзма равишда (имзо чектириб) огоҳлантириши шарт. Бу дегани, агар Сизни 2 ойлик расмий огоҳлантиришсиз қисқартириш сабаб ишдан бўшатишса, бу аниқ қонунбузарлик бўлади.

Ходим штатлар қисқариши сабаби (МК 100-модда иккинчи қисм 1-банди) билан ишдан бўшатилганида, корхона бу ходимга иш ҳақи ва фойдаланилмаган таътил пулидан ташқари МК 67-моддага асосан қуйидаги қўшимча тўловларни ҳам тўлайди:

иш қидириш даврида 2 ойдан ортиқ бўлмаган давр учун ўртача ойлик иш ҳақи (бир ойлик ишдан бўшатиш нафақаси ҳам қўшиб ҳисобга олинади);

агар ходим шартнома бекор қилинган кундан бошлаб 30 календарь кун мобайнида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтсалар, шу орган берган маълумотномага биноан 3-ой учун ҳам ўртача иш ҳақи.

Агар ходим ариза ёзса, уни МКнинг 99 ёки 97-модда 1-банди билан ишдан бўшатиш мумкин бўлади, биламизки, 99-модда ходимни ташаббусига кўра, 97-модда 1-банд эса келишувга кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш асосларидир.

Бизнинг вазиятда агар шартнома айнан иш берувчини ташаббуси билан, МК 100-модда иккинчи қисм 1-банд билан бекор қилинган тақдирда, юқорида қайд этилган МК 67-моддадаги қўшимча тўловлар тўланади. Ходим ариза билан бўшатилганида эса, бу тўловлар тўланмайди демоқчиман.

Очиғи, ана шундай ҳолатларда айрим иш берувчилар ортиқча пул сарфламаслик учун айёрлик ишлатадилар, “яхши гапириб” ходимлардан ариза олиб, уларни ариза билан ишдан бўшатмоқчи бўлишади. Сизда ҳам шундай бўлмоқда.

Одатда, бундай ҳолатларда биз ходимларга алданмасликни ва ариза ёзмасдан, ундан кўраси қўшимча тўловларни олган ҳолда, иш берувчи ташаббуси билан бўшашни тушунтирамиз.

Сизга маслаҳатим, иш берувчига расмий эътироз хати киритинг, унда Сиздан ҳохишингизга зид ва ноқонуний равишда олинган аризани бекор қилинганингизни ҳамда бу ариза билан ишдан бўшамаслигингизни маълум қилинг. Агар, ижобий ўзгариш бўлмаса, шу жойдаги давлат меҳнат инспекциясига ёки прокуратурага шикоят киритинг.

@yuristkadr