Get Mystery Box with random crypto!

Хизмат сафари давридаги дам олиш кунлари нима бўлади? Биз бю | YURISTKADR

Хизмат сафари давридаги дам олиш кунлари нима бўлади?

Биз бюджет ташкилотимиз. Бир ходимимиз 15 кунлик хизмат сафари бўлган. Бу вақтда шанба-якшанба кунлари ҳам хизмат сафари ичида бўлган. Бу кунларга икки хисса ҳақ тўлашимиз, ёки бир хисса тўлаб, қолганига отгул беришимиз керакми?

Агар шанба-якшанба кунлари ҳам хизмат сафари ичига кириб кетган бўлса ва бу кунлари хизмат сафари жойидаги ишхона дам олган бўлса, демак сафардаги ходим ҳам дам олган бўлади ва ўз-ўзидан бу кунларга унга иш ҳақи тўланмайди.

Чунки, 424-сонли қарор билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хизмат сафарлари тўғрисида”ги низомнинг 11-бандига асосан “хизмат сафарида бўлган ходимга у юборилган ташкилотдаги иш вақти режими ва дам олиш вақтлари тааллуқли бўлади” дейилган.

11-бандда яна бир қоида бор: “агар ходим хизмат сафари давомида дам олиш ёки байрам кунларида хизмат сафарига юборилган жойда ишлаган бўлса, ушбу кунларда ишлагани учун амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ компенсация тўланади”.

Бунга кўра, хизмат сафарига юборилган жойда шанба-якшанба кунлари дам олиш кунлари иш куни сифатида белгиланса ва бу кунлари сафарга борган ходим ҳам ишлаган бўлса, унга ушбу дам олиш кунларидаги меҳнати учун МК 263-моддасига асосан ҳақ тўланади.

Яъни, бунда ходимга икки хисса миқдорида ҳақ тўланади, ёки ходимнинг истагига кўра бир хисса миқдорида ҳақ тўлаб, қўшимчасига бошқа кун дам берилади. Фақат бунинг учун ходим иш берувчи томонидан дам олиш куни ишга жалб қилинган бўлиши ва бу кунлари амалда ишлаган бўлиши керак.

Умумий қоидага биноан, оралиқдаги шанба-якшанба кунлари хизмат сафари таркибига кирганлиги учун, барибир бу давр учун ходимга турар-жой, суткалик ҳаражатлар ва иш берувчи руҳсат берган бошқа ҳаражатлар қопланади. Дам олиш куни қайтган бўлса, йўл-кира ҳаражатлари ҳам албатта тўлаб берилади.

@yuristkadr