Get Mystery Box with random crypto!

#taklif Ходимнинг яқини вафот этганда, агар у сўраса иш ҳақи | YURISTKADR

#taklif

Ходимнинг яқини вафот этганда, агар у сўраса иш ҳақи сақланмаган таътил берилиши мажбурий бўлиши керак.


Ходимларнинг шахсий ҳаётида юз берадиган шундай воқеалар бўладики, бундай вақтларда иш ходим учун иккинчи даражали масалага айланиши мумкин.

Масалан, ходимнинг никоҳ қуриши, фарзанди туғилиши, яқин қариндошининг вафот этиши ва шунга ўхшаш ҳолатларда ходим ишга бормаслиги аниқ, чунки, бундай вазиятларда ходимнинг юрагига иш-пиш деган нарса сиғмайди.

Лекин бундай вазиятлар юз берганда ходимга ишга келмасликка имкон берувчи қонуний асослар етарли эмас. Агарки, таътил жадвали бўйича ходимнинг меҳнат таътилга чиқиш вақти келган бўлса бошқа гап. Ходим ёки ҳомиладор аёл бўлса, ё бўлмасам, аёли фарзанд дунёга келтирган бўлса ҳам, ортиқча чекловсиз муддатидан олдин ҳақ тўланадиган меҳнат таътилига чиқиб кетиши мумкин. Агар аввалроқ фойдаланиб бўлган бўлса, бу ҳам муаммо. Бошқа ҳолатларда иш берувчи истаса, ходимга ишга келмасликка рухсат бермаслиги ҳам мумкин. Амалиётда учраб туради бунақаси. Бу энди жиддий масала.

Биз бу муаммони ходимга иш ҳақи сақланмаган таътил бериш йўли билан ҳал қилиш мумкин деб ҳисоблаймиз.

Фақат бунинг учун Меҳнат кодексига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш керак бўлади.

Қаранг, амалдаги Меҳнат кодексининг 241 ва 242-моддаларида иш ҳақи сақланмайдиган таътилларни бериш тартиби кўрсатилган. Бунда МК 241-моддаси тарафларнинг келишувига кўра иш ҳақи сақланмайдиган таътил бериш ҳақида бўлса, 242-моддаси ходимнинг талабига кўра берилиши шарт бўлган иш ҳақи сақланмайдиган таътил ҳақида.

Биринчиси – МК 241-моддасидаги тарафлар келишуви деганда, агар иш берувчи келишмаса, яъни рози бўлмаса, ходимнинг иш ҳақи сақланмаган таътил бериш ҳақидаги аризасини рад қилиши мумкин. Демак, масалан, никоҳ тўйи бўлаётган ходимнинг аризасига иш берувчи рад жавоби берса, у бундай таътилга кетолмайди ва натижада прогулга йўл қўйган бўлади. Иш берувчи истаса, уни жазолаши мумкин.

Биз айтаётган таклифга МК 242-моддасидаги ходим талаб қилса, иш берувчи бериши мажбурий бўлган иш ҳақи сақланмаган таътил варианти мос тушади.

Яъни, биз МК 242-моддасига ходимнинг хоҳишига кўра иш ҳақи сақланмайдиган таътил бериш мажбурий бўлган ҳолатлар рўйҳатига қўшимча сифатида қуйидагиларни киритишни таклиф қиляпмиз:

никоҳ тузилганда, фарзанди туғилганда, яқин қариндоши вафот этганда ва шу каби жамоа келишуви, жамоа шартномаси ёки меҳнатга доир бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган бошқа ҳолларда – 4 календарь кунгача.


@yuristkadr