Get Mystery Box with random crypto!

ЎҚИТУВЧИЛАРНИ БАЙРАМ КУНЛАРИ НАВБАТЧИЛИККА ҚЎЙИШ МУМКИНМИ? @Y | Юрист Хизмати | Расмий канал

ЎҚИТУВЧИЛАРНИ БАЙРАМ КУНЛАРИ НАВБАТЧИЛИККА ҚЎЙИШ МУМКИНМИ?

@Yurist_Xizmati 3177-савол:

Assalomu alaykum! Hurmatli yuristlar sizlarga quyidagi savol bilan murojaat qilmoqchiman. O'qituvchilarni bayram kunlari maktabga navbatchilikga qo'yish mumkinmi? Bayram kunlari kimlar navbatchilik qilish kerak?

ЮРИСТ ЖАВОБИ:


Навбатчилик ўзи нимага керак?
Мени доим шу савол ўйлантиради.
Байрам кунларидаги навбатчиликлар, айниқса тунги вақтда қайсидир ходимнинг ишхонада ётиб қолишидан кимга нима наф? Айтайлик, навбатчилик МК 166-моддасига кўра, бу иш берувчи ва меҳнат жамоаси манфаатларига доир вазифаларни бажариш ҳисобланади, шунинг учун ноқонуний эмас, деб тасаввур қилайлик.

Унда савол туғилади: тунда битта ходимининг корхонада тунаб қолишидан иш берувчига нима фойда? Меҳнат жамоасигачи? Уларнинг қандай манфаатлари бор бу ерда?

«Хавфсизлик», дейсизми? Унда ўша корхонадаги қоровул ёки ички ишлар органларининг қўриқлаш хизмати ходимлари нима қилиб ўтирибди? Улар нима учун маош олишмоқда? Қўриқлаш учунми? Мактаб қоровули бўла туриб, математика ўқитувчисининг мактабда тунаши қай даражада мантиққа тўғри келади?

«Фавқулодда ҳолатлар», дейсизми? Хўш, фавқулодда вазиятларда, айтайлик, ёнғин ёки зилзила пайти математика ўқитувчиси нима қилиб бера олади? Нари борса, 101 рақамига телефон қилиши мумкин. Шу ишни ташкилот қоровули қилса бўлмайдими?

«Босқинчиликнинг олдини олади», дейсизми? Ўзингизга ҳам бу вариант кулгили эшитилмаяптими? Навбатчиликда қолган ходимлар қуролланган бўлса ҳам майли экан. Улар жанжал-тўполон пайти нима ҳам қила оларди?

Қонунчилик нима дейди?
Меҳнат кодексида навбатчилик ҳақида ҳеч қандай қоида белгиланмаган. Шу сабабли, навбатчилик тартиби фақат локал ҳужжатлар билан белгиланади. Аммо амалиётда кўп гувоҳи бўламизки, байрамлар кунларидаги навбатчиликни ташкил қилиш тартиби ва унга тўланадиган иш ҳақи бирорта ҳужжатда қайд этилмаган бўлади. Шунчаки оғзаки топшириқ ёки иш берувчининг кўрсатмаси асосида ташкил этилади.

Ходимнинг розилиги керакми?
Юқорида айтганимиздек, байрам кунларидаги навбатчиликда туриш одатда ходимларнинг меҳнат шартномасида кўрсатилмайди ва уларнинг мажбуриятлари ҳам ҳисобланмайди. Демак, бундан кўриниб турибдики, байрам кунларидаги навбатчиликда туришга фақат ходимнинг розилиги билангина йўл қўйилади. Агар ходим розилик бермаса, унда ходимни иш вақтидан ташқари (тунда, байрам ва дам олиш кунларида) навбатчиликка жалб этиш мумкин эмас.

P.S: Ўқитувчиларни тунги навбатчиликка жалб қилаётган мутасаддилар диққатига: Агар шундай ноқонуний навбатчилик ташкиллаб, натижада қўлга тушиб қолсангиз, ўқитувчиларни бу ишга жалб қилганлигингизни мардларча тан олинг. Ўринбосарим буюрганди, мен бундай топшириқ бермаганман деб иккиюзламачилик қилманг. Энг асосийси ким нима иш буюрса бажариб кетавермасдан доим мантиққа таяниб иш кўринг. ушбу пост ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиевнинг маълумотлари асосида тайёрланди

Юристга савол юбориш

Қўнғироқ орқали юрист билан ҳозироқ онлайн боғланиш

Барча турдаги ҳужжатларга буюртма бериш

@Yurist_Xizmati