Get Mystery Box with random crypto!

Тарих саҳифалари варақланганда... | "YORQIN HAYOT" GAZETASI

Тарих саҳифалари варақланганда... ҲАМИД ОЛИМЖОН УЧҚЎРҒОНДА

Инсон ҳаёти кўз очиб-юмгунчалик қисқа. Аммо илҳом завқи ила яратилган асарлар умри боқийдир. Ватан хизматига жонини тикканлар номи эса мангуликка дахлдор. Кекса тарих саҳифалари далилларга жуда бой. Ана шулардан бири истеъдодли шоир, драматург, олим ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Фанлар Академияси аъзоси Ҳамид Олимжоннинг меросидир.
У халқ ижоди билан мумтоз адабиётининг вориси ва давомчиси сифатида майдонга келди. Ўзбек шеъриятида Чўлпондан кейин руҳият оламини нафис бўёқларда ифодалашга уринган дастлабки ижодкор бўлди. Шеърларида майинлик, латифлик, дилбарлик, лирикасида мусиқий оҳанглар, самимийлик, туйғулар тўлқини мавж урган истеъдоди умуминсоний кечинмаларни тасвирлаш жараёнида янги қирраларни намойиш этди.
Ҳамид Олимжон 1909 йил 12 декабрда Жиззах вилоятида туғилган. Ўзбекистон ФА мухбир аъзоси. Самарқанддаги билим юртида, Педагогига академиясининг ижтимоий-иқтисодий фанлар факултетида ўқиган. Дастлабки асарлари — «Кўклам» (шеърлар, 1929), «Тонг шабадаси» (ҳикоялар, 1930). «Олов сочлар» (1931), «Пойга», «Ўлим ёвга» (1932), «Дарё кечаси» (1936), «Шеърлар» (1937), « Ўлка», «Ойгул ва Бахтиёр» (1939), «Бахт» (1940), «Кўлингга курол ол!», «Она ва ўғил» (1942), «Ишонч» (1943) шеърий тўпламлар муаллифи. «Ойгул билан Бахтиёр» (1937) ҳамда «Семурғ ёки Паризод ва Бунёд» (1939) достонлари халқ эртаклари мотивлари асосида яратилган. Н. Островскийнинг «Пўлат қандай тобланди» романини ҳамда А. С. Пушкин, Л. Н. Толстой, В. Маяковский, Т. Шевченко ва бошқа шоирларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. 1944 йил 3 июлда автомобил халокатидан Тошкент шаҳрида вафот этган.
Нафақат адабиётда, балки ижтимоий ҳаётда ҳам кўрсатган фаоллиги, хусусан, Учқўрғон ва унинг маориф тизимини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси туманимиз тарихида алоҳида саҳифани ташкил қилади. 1930-31 йилларда республикамизда халқ таълимини ривожлантиришга, мактабларни ўқитувчи кадрлар билан таъминлашга, муаллимларга назарий-услубий томондан юксалтиришга эътибор кучайтирилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Халқ маорифи Комиссарлиги малакали, ташкилотчи зиёлиларни маориф ишига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида туманларга юборди. Ҳамид Олимжон ҳам 1931 йил сентябр ойида йўлланма билан туманимизга (у пайтда Учқўрғон ва Норин туманлари бир таркибда эди) келди. Ўша даврда халқ таълимининг аҳволи бирмунча оғир эди. Мактаблар учун бинолар этишмасди. Атиги 28 та мактаб бўлиб, уларда саксонга яқин ўқитувчилар ишлашарди. Муаллималарнинг бирортаси ҳам педагогик маълумотга эга эмасди. 1934 йилда 5-синф очилиб, бунга туман бўйича барча қишлоқлардан олтмиш нафарга яқин ўғил-қизлар қамраб қилинди. Бу ёшлар мактаби одамлар орасида «Катта мактаб» деб юритилиб, ҳозирги Учқўрғон ва Хаққулобод шаҳарларидаги 1-мактабларнинг ўтмишдошларидир.
Ҳамид Олимжон халқ таълими бўлими мудири Садир Абдураҳмонов (норинлик) билан маслаҳатлашган ҳолда амалга ошириладиган маориф ишлари – мактабларни кенгайтириш, қулайликлар яратиш, уларни мутахассис кадрлар билан таъминлаш каби долзарб масалаларни белгилаб олди. Ўтюрак муаллимлар Иброҳим Охундий, Абдусалом Қодировлар билан бирга Қўғай, Яшиқ, Каттамўғол, Учқўрғон, Қайқи, Шўро, Дўмар, Норинкапа, Чўжа, Учтепа, Тўда, Кемабоши, Хаққулобод қишлоқларида бўлиб, саводсизликни тугатишда жонбозлик кўрсатди.
Мактаблардан ташқари чойхона, меҳмонхоналар ҳам савод ўргатадиган масканларга айлантирилди. Жамоатчи ўқитувчилар учқўрғонлик Иброҳим Охундий, Намоз Ҳайитов, Турғун Раҳимов, Султон Ҳакимов, қайқилик Тўлашбой Қаюмов, каттамўғоллик Охундада Восиев, норинкапалик Муллабобо Бобоғозиев, Ботир Умаров, тўдалик Солижон Ҳамдамовлар билан биргаликда ўқитувчиларни сон ва сифат жиҳатидан кўпайтириш, ёшларни қобилиятига, зеҳнига қараб таълим-тарбия курсларига, техникум ва институтларга юбориш сингари тадбирларни амалга оширишга эришди. Улуғ инсонларни эслаш ва ёдга олиш барчамиз учун ибратдир.
Шоир айтганидек:
Халққа айтинг, мен асло ўлганим йўқ,
Мен халқимнинг юрагида яшайман…
Жаҳонгир ТЎХТАСИНОВ.