2022-08-08 09:36:26
ССВ: Тиббиёт коллежи ва Жамоат саломатлиги техникумларига қабул жараёнлари бошланиш арафасида
Ҳозирги вақтда юртимизда 27 та тиббиёт коллежи ва 47 та Жамоат саломатлиги техникумлари фаолият олиб бормоқда.
Уларга янги ўқув йили учун қабул жараёнлари жорий йил
10 августда бошланиб, 10 сентябрга (шу куни ҳам) қадар давом этади.
Қабул Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг профессионал таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилади.
2022/2023 ўқув йили учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумларига қабул квотаси жами
11 минг 670 та этиб белгиланиши, шундан:
1минг 367 таси давлат гранти;
10 минг 303 таси тўлов-шартнома асосида бўлиши кўзда тутилмоқда.
Тиббиёт коллежларига эса жами
7 минг 800 та ўрин ажратилиб, шундан:
780 таси давлат гранти;
7 минг 20 таси тўлов-шартнома асосида белгиланиши кутилмоқда.
Тиббиёт коллежлари ва жамоат саломатлиги техникумларига ўқишга ҳужжат топшириш учун қуйидагилар керак бўлади:
паспорт ёки туғилганлик ҳақида гувоҳнома нусхаси;
умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасасини тугатганлик ҳақидаги ҳужжатнинг нусхаси;
600х800 ўлчамдаги рангли фотосурат;
I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган, “Меҳрибонлик уйлари” тарбияланувчиси ёки кам таъминланган оила фарзанди бўлган абитуриентлар тегишлилиги бўйича ногиронлик гувоҳномаси нусхаси, туман(шаҳар) ҳокимининг “Меҳрибонлик уйлари”га жойлаштириш бўйича қарори ёки ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг маълумоти.
Қабул Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги расмий веб-сайти орқали онлайн тарзда амалга оширилади.
Электрон платформага юкланган ҳужжатлар “PDF” форматида сканер қилинган бўлиши лозим. Сканер қилинган ҳужжатларнинг талаб даражасида бўлмаслиги абитуриентнинг рўйхатдан ўтказилмаслигига асос бўлади.
Тиббиёт коллежлари ва жамоат саломатлиги техникумларига кириш имтиҳонлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
@ssvuz | @ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram
319 viewsSanjar Turdiqulovich Mastonkulov *, 06:36