Get Mystery Box with random crypto!

ИЖАРАДАГИ УЙИМНИ 1 ҚИСМИНИ БОШҚАЛАРГА ИЖАРАГА БЕРСАМ БЎЛАДИМИ? | YANGIYO'LLIKLAR.uz

ИЖАРАДАГИ УЙИМНИ 1 ҚИСМИНИ БОШҚАЛАРГА ИЖАРАГА БЕРСАМ БЎЛАДИМИ?

САВОЛ.
Ассалому-алайкум, сизларга бир саволим бор. Мен Тошкентда 3 хонали уйда ижарада яшайман, декабрни бошидан уйни эгаси ижара ҳақини 350 долларга оширди. Бу суммани тўлаш менга қийин бўлиши мумкин. Шунинг учун битта хонага 2 та талабани ижарага қўймоқчиман. Шунга ҳаққим борми?

ЖАВОБ.

Сиз айтган ҳолат қонунчилик бўйича уй-жойни иккиламчи ижарага бериш дейилади.

Уй-жойни иккиламчи ижарага беришга ҳаққингиз бор, лекин бу чекланган ҳуқуқ асосида бўлади, десак тўғри бўлади. Бунинг сабабини тушунтираман.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 313-моддасига кўра:

“уй-жойни иккиламчи ижарага бериш шартномасига биноан ижарага олувчи ижарага берувчининг розилиги билан ўзи ижарага олган бинонинг бир қисмини ёки ҳаммасини муайян муддатга иккиламчи ижарага олувчига беради” дейилган.

Яъни, сиз уйнинг эгасидан ижарага олинган 3 хонали уйнинг ўзингиз айтган 1 та хонасини бошқа шахсларга ижарага беришингиз мумкин, лекин бунинг учун ижарага берувчи – уй эгасининг расмий розилиги керак. Уй эгасининг розилигисиз, иккиламчи ижарага йўл қўйилмайди.

Саволингизга асосий жавоб мана шу.

Кейин ёдда тутиш керак:

Уй-жойни иккиламчи ижарага бериш шартномасининг муддати уй-жойни ижарага бериш бўйича асосий шартноманинг (яъни сиз ва уй эгаси ўртасидаги шартноманинг) муддатидан кўп бўлиши мумкин эмас.

Агар уй-жойни ижарага бериш шартномаси (асосий шартнома) муддатидан олдин бекор қилинадиган бўлса, иккиламчи ижара ҳам бекор қилинади (ФК 313-м).

yuristkadr

@Yangiyollikaruz