Get Mystery Box with random crypto!

Ҳалол ризқ учун ҳаракат қилиш савоб Аллоҳ таоло Қуръони кари | Xutba.uz | Қуръонга боғланинг, ажр-савобга эришинг.

Ҳалол ризқ учун ҳаракат қилиш савоб

Аллоҳ таоло Қуръони каримда барча мўминларга ўз тоқатларига яраша касб қилишни вожиб қилган. Фуқаҳоларимиз касбу кор қилишга доир барча оят ва ҳадисларни ўрганиб чиқиб, унинг ҳукми борасида шундай деганлар:
الكسبُ فرضٌ بقدرِ الكفاية لنفسِه وعَياَلِه وقضاءِ ديونِه
яъни: “Мўмин киши ўзи, аҳли аёли учун ва қарзларини адо қилмоқ учун кифоя қиладиган миқдорича касб қилмоғи фарздир” (“Ал-Ихтиёр” китоби).
Шунингдек, кифоя даражасидан зиёда ризқ талаб қилиш муҳтожларга ёрдам бериш, силаи раҳм қилиш мақсадида бўлса, мустаҳаб бўлади.
Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида шундай марҳамат қилади:
فَإِذَا قُضِيَتِ الصَّلَاةُ فَانْتَشِرُوا فِي الْأَرْضِ وَابْتَغُوا مِنْ فَضْلِ اللَّهِ وَاذْكُرُوا اللَّهَ كَثِيرًا لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
яъни: “Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверинглар! Аллоҳни кўп ёд этингизлар, шояд (шунда) нажот топурсизлар” (Жумъа сураси, 10-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўмин мусулмонларни ер юзида тарқалиб ҳалол йўл билан ризқ топишга тарғиб қилмоқда ва бу ишни Аллоҳнинг фазлидан талаб қилиш, деб номламоқда.
Аллоҳ таоло ризқ талаб қилишга амр қилганидан сўнг бевосита: “ва Аллоҳни кўп зикр қилинг”, демоқда. Чунки, Аллоҳни кўп зикр қилиш ризқ топиш ишида ҳаромдан четланишга омил бўлади.
Ибн Умар разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:
إِنَّ اللهَ يُحِبُّ العَبْدَ الْمُؤْمِنَ الْمُحْتَرِفَ (رواه الامام الطبرانى)
яъни: “Албатта, Аллоҳ касб-кор қилувчи мўмин бандани яхши кўради” (Имом Табароний ривоятлари).
Демак, Аллоҳ таоло Ўзига ҳақиқий имон келтирган ва ризқ талабида ҳаракат қилувчи, ҳалол касб-кор билан шуғулланувчи, бировга оғирлиги тушмайдиган, ўзгаларга қарам ва боқиманда бўлиб қолмайдиган бандасини яхши кўрар экан. Аллоҳ таолонинг муҳаббати эса банда учун юксак мақомдир. Ушбу мақом эгаси бўлган киши Қиёмат куни юзлари тўлин ойдек порлоқ бўлади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай дейилади:
" مَنْ طَلَبَ الدُّنْيَا حَلَالًا اسْتِعْفَافًا عَنِ الْمَسْأَلَةِ وَتَعَطُّفًا عَلَى جَارِهِ وَسَعْيًا عَلَى عِيَالِهِ جَاءَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَوَجْهُهُ مِثْلُ الْقَمَرِ لَيْلَةَ الْبَدْرِ (رَوَاهُ الامَامُ البَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الإيْمَانِ وَالامَامُ أبُو نُعَيمٍ فِي الْحِلْيَةِ)
яъни: “Кимки бировдан нарса сўрашдан иффатини сақлаш, қўшнисига яхшилик ва аҳли аёлига нафақа бериш мақсадида ҳаракат қилиб ҳалол мол-дунё учун ҳаракат қилса, Қиёмат кунида (маҳшаргоҳга) юзи тўлин ойдек бўлган ҳолда келгай” (Имом Байҳақий ва Имом Абу Нуайм ривоятлари).
Мўмин киши тадбиркор бўлиши керак. Жамиятдаги ишсиз кишиларни иш билан таъминлаш ҳам улуғ савоб. Машойихларимиз айтганларидек: “Хоҳлаган кишидан беҳожат бўл, унинг тенги бўласан. Хоҳлаган кишига муҳтож бўлсанг, унинг асири бўласан. Хоҳлаганингга яхшилик қил, амири бўласан”.


Дўстларингизга ҳам улашинг

@xutbauz | www.xutba.uz