Get Mystery Box with random crypto!

АЙ ГУЛГИНАМ… Тақдир дедик оқибатда кўнгил-пора, Таскин учун | Suyunov she'rlari

АЙ ГУЛГИНАМ…

Тақдир дедик оқибатда кўнгил-пора,
Таскин учун ўртамизда шеър оввора.
Соғиндингми?
Соғинмоқ ҳам сўнгги чора.
Кўз ёшлари дарё бўлган беунгинам,
Ўзга боғда қовжираган ай гулгинам.

Учратмадим ҳурлар каби жамолингни,
Узоқ боқсам, уялгувчи хаёлингни,
Кўрмасам-да тушунгайман аҳволингни.
Саратонда хазон бўлган сунбулгинам,
Ўзга боғда қовжираган ай гулгинам.

Оҳлар тортдинг, олиб келди шаббодалар,
Қўлларимга армон бўлди, соч толалар,
Сен келмадинг, баҳоримда гуллолалар.
Ғизғалдоқдек тўкилдингми, Қирмизгинам,
Ўзга боғда қовжираган ай гулгинам.

Ҳеч кифоя беролмади дармонлари,
Юракларда мангу ухлар армонлари,
Иккимиз ҳам муҳаббатнинг қурбонлари.
Ҳижронларнинг сарсонида бу дилгинам,
Ўзга боғда қовжираган ай гулгинам.

Ғамлар ютдинг, кўз ёшингни сойлар айтди,
Бедормисан?
Ҳамроҳ бўлган ойлар айтди.
Қайлар кездинг?
Изинг босган жойлар айтди.
Кўнгилгинам, сенда қолди кўнгилгинам.
Ўзга боғда қовжираган ай гулгинам...

Абдувоҳид Сувонов
https://t.me/Adabiyot_olami