Get Mystery Box with random crypto!

МЕТРОДА Метрода сайр қилиб юрмайди ҳеч ким, Биров ишдан қайта | Suyunov she'rlari

МЕТРОДА

Метрода сайр қилиб юрмайди ҳеч ким,
Биров ишдан қайтар, биров сайрдан.
Кимдир ҳамроҳларин кузатади жим,
Кимдир рўзномани икки айирган.

Мен ҳам қайтаётган эдим уйимга,
Юмушлардан толиб, хаёлга толиб.
Бекатдан сен чиқдинг оппоқ қуюндай,
Кўнглимга чирпирак ғалаён солиб.

Гўё танимадинг. Тутқични тутиб,
Маъюс жилмайганча толдинг хаёлга.
Тургим, боргим келди. Элни унутиб,
Сени кўмгим келди минг бир саволга.

Ёдимда чақнади қасамёдларим,
Бир замон сеники бўлган ҳаётим...
Ёнингга бормадим, бора олмадим,
Ўзимни аядим, сени аядим.

Кейин тушиб кетдинг. Сезмадинг гўё,
Қайрилиб боқмадинг, эй сунъий йўлдош.
Мени аядингми, ўзингними ё?
Қиз қалби қизғалдоқ эмас, тилсимтош!

Муҳаббат – пуч нарса, муҳаббат – ёлғон!
Орзулар, қайғулар, туйғулар – майда.
Биламан, пойимда йиғлайди хазон,
Негадир уйга ҳеч боргим келмайди...

Иқбол Мирзо
https://t.me/Adabiyot_olami