Get Mystery Box with random crypto!

​​КУТУБХОНА ШАКЛИДАГИ КИТОБ Назар Эшонқул – замонамизнинг фай | Xurshid Abdurashid

​​КУТУБХОНА ШАКЛИДАГИ КИТОБ

Назар Эшонқул – замонамизнинг файласуф ёзувчиларидан бири. Ёзувчи ҳамиша ҳаракатда: ижодий ишлари билан ўқувчини хурсанд қилишни яхши кўради. Ижод билан бирга ижод лабораториясидаги жараёнларни, адабиёт ва санъат ҳақидаги мулоҳазаларини мунтазам қоғозга тушириб боради. “Мендан менгача”, “Ижод фалсафаси” китоблари ҳақиқий адабиёт ўқувчилари учун ўзига хос қўлланма бўлган. Яқинда шу рўйхат тағин бойиди.

“Китоб бандаси” номли янги китобида муаллиф мутолаа жараёнида ўзи завқ олган китобларни нафақат китобхонга тавсия қилади, балки, асарларнинг ғоясини шарҳлайди, образ ва тимсолларни таҳлилу тадқиқ этади. Бу асарлар ёзувчининг ижодига ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатган.

Дунёнинг энг сара асарлари ҳақида ўй-фикрлар жамланган бошқа бир китоб ёдимга келмади. “Китоб бандаси” – ўзбек тилида муқобили йўқ китоб. Шу жиҳатдан ёзувчи ҳали ҳеч ким қўл урмаган яхши бир ишни амалга оширди.

Китобдан, шунингдек, муаллифнинг Мурод Муҳаммад Дўст, Рауф Парфи, Абдулла Орипов, Аҳмад Аъзам, Фахриёр, Қозоқбой Йўлдошев, Темирпўлат Тиллаев ижоди ва шахси ҳақида ёзилган мақолалари ҳам ўрин олган. Ёзувчи бу инсонларни “китоб бандалари” деб атаган.

Адабиёт ёки санъат билан жиддий шуғулланаман деган инсон Назар Эшонқулнинг “Китоб бандаси” китобини ўқиши лозим, деб ўйлайман. Чунки бу китоб дунё адабиётининг энг сара асарларини тушуниш ва англаш йўлида ўзига хос туйнук вазифасини бажаради. Китобни ўқий бошлаган киши ўзини кутубхонага тушиб қолгандай ҳис қилади. Китобга худди кутубхона шаклида тартиб берилган.

Китоб қандай ўқилиши керак? Китобни ўқиб, у ҳақидаги фикрларни қандай қоғозга тушириш мумкин? Асарнинг хулосасини уқиш, рамз ва образларнинг маъносини тушуниш учун нима қилиш керак? Инсон ўзида фикрлаш механизмини қандай ишга туширади? Бу асар билан ёзувчи нима демоқчи? Бу каби саволларга жавоб топиш учун “Китоб бандаси”ни ўқишга тўғри келади.

@xurshidabdurashid