Get Mystery Box with random crypto!

ОТАНГНИ ҚЎЛЛАРИ Ҳаётинг мусаффо нурларга тўлар, Онангни қалб- | 💝Хуршид Карим шеърлари💝

ОТАНГНИ ҚЎЛЛАРИ

Ҳаётинг мусаффо нурларга тўлар,
Онангни қалб- қўъри ризога тўлса,
Эгилмас бошинг ҳам, қаддинг ғоз бўлар,
Отангни қўллари елкангда бўлса.

Қўллари сен учун дуода ҳар кун,
Қувончли кунларинг,бўлмас дилинг ҳун,
Сен мисли Ҳоқонсан,мисоли Ҳорун,
Отангни қўллари елкангда бўлса.

Қалбингда жўш урар орзу,ўй, ҳавас,
Тегрангда янграйди бахт деган бир сас,
Армонлар пойингда титраб ётган ҳас,
Отангни қўллари елкангда бўлса.

Нолима,қайғурма,чекма фиғон,дард,
Йиғлама ёшингни ғурурингга арт,
Дунёда йўқ асло сендан бадавлат,
Отангни қўллари елкангда бўлса.

Бекорчи ғамлардан бўлма дилхира,
Кутиб ол барчасин табассум ила,
Ёлғончи дунёдан ранжима сира,
Отангни қўллари елкангда бўлса.

Пулингга дўст бўлган дўстларингни қўй,
Ташвиш,ғамларингни қувончларга йўй,
Умрингни ҳар куни асли базм,тўй,
Отангни қўллари елкангда бўлса,

Нечалар ҳаётда топдилар завол,
Кимларнинг қадди тик,кимлар қадди дол,
Қадрига ет уни, дуосини ол,
Отангни қўллари елкангда бўлса.

ХУРШИД КАРИМ.




@Xurshid_Karim