Get Mystery Box with random crypto!

БИР ТАБАССУМ КИФОЯ Ҳуснингизга девонаман ёр, Соғинчларим қал | 💝Хуршид Карим шеърлари💝

БИР ТАБАССУМ КИФОЯ

Ҳуснингизга девонаман ёр,
Соғинчларим қалбимга соя,
Майли менга сўз деманг дилдор,
Бир табасум қилинг кифоя.

Мендек ғариб девона қулга,
Кифоядир лаҳза, зумингиз,
Меҳр истаб қақраган дилга,
Малҳам бўлар табассумингиз.

Тонглардайин сокин, мусаффо,
Озорларим ювиб кетади,
Майли менга индаманг зебо,
Битта кулиб қўйинг етади.

Гарчи менга эмас дилрабо,
Дилда қайноқ туйғуларингиз,
Ғариб умрим қилар сержило,
Ширин,ширин кулгуларингиз.

Менинг учун лолалар терманг,
Ҳисларимни туйсангиз бўлди,
Умид берманг,умидлар берманг,
Бир жилмайиб қўйсангиз бўлди.

Бахт кимларни қўлларин тутар,
Ёнингиздан бахтли кишингиз,
Мен ғарибни бахтиёр этар,
Шу биргина жилмайишингиз.

Дунёлари керакмас менга,
Бир табассум қилинг кифоя.

Хуршид Карим


𝐓𝐞𝐥𝐞𝐠𝐫𝐚𝐦 | Хуршид Карим шеърлари