Get Mystery Box with random crypto!

РЕПЕТИТОР, ЎҚУВ МАРКАЗЛАРИ, БОШЛАНҒИЧ СИНФ ЎҚИТУВЧИЛАРИ  ВА ШО | Laylo Rustamova

РЕПЕТИТОР, ЎҚУВ МАРКАЗЛАРИ, БОШЛАНҒИЧ СИНФ ЎҚИТУВЧИЛАРИ  ВА ШОҲ СУЛАЙМОН ҲАҚИДА

Ёшлигимда Венецкийни " Рассказы о металлах" деган асарини ўқиганман ( ва тавсия қиламан).

Шунда шоҳ Сулаймон тўғрисида бир ривоят келтириладики, қисқача мазмуни шундай:
Шоҳ Сулаймон қасри куриб битказилгач, базму жамшид ташкил қилиб, биринчи бўлиб, тош терувчи устадан сўрайди: " Бу қаср қурилишига кимнинг мехнати энг кўп сингган?".
У эса " табиийки бизники, биз тошларни шунчалик қунт билан термасак, қаср бўлармиди?" дея жавоб қайтаради.
Кейин эса шоҳ дурадгорга юзланади. Дурадгор эса: " Агар биз тахтадан қаср шаклини қилиб бермасак, тош терувчи шунча иш қила олармиди, албатта бизнинг меҳнатимиз илк ўринда" дейди.
Унинг гапини бўлиб, ер қазувчи: " Агар биз фундамент учун ер қазиб бермасак, иккалангиз ҳам нима қила олардингизлар, биз асосий мехнатни қилганмиз" дея эътироз билдиради.
Шунда Сулаймон уччаласига ҳам юзланиб: "Сизларнинг иш қуролларингизни ким қилиб берган?" дея савол беради. Шунда уччаласи ҳам: " Албатта, темирчи!" дея жавоб беради.
Шунда оқил Сулаймон: "Демак, бу қасрнинг қурилишига аслида темирчи асосий сабабчи бўлган" деб хулоса қилади.

Қиссадан ҳисса шуки, бугун: " Мен боламни репетиторга бердим, ўқув марказида тайёрланади,мактаб хеч нарса бермади" деганларга юзланиб, болангизга қалам ушлашни ўргатиб, ёзиш, ҳарф таниш, алифбодан сабоқ бериб, илмнинг илк қадамига тетапоя қилган оддий, лекин улуғ устоз- бошланғич синф устозларни унутманг демоқчиман! Улар репетитор эмас, улар ўқув марказлари қурмайди, лекин улар қасрларнинг асл меъморларидир.

Лазиз Ҳўжақулов
Халқ таълими вазирлиги таълим сифати департаменти директори