Get Mystery Box with random crypto!

ТЎҒРИ ТАРБИЯ Бизни, бутун инсониятни ҳозирги ҳолатдан яхшилик | XOJAGON.UZ

ТЎҒРИ ТАРБИЯ

Бизни, бутун инсониятни ҳозирги ҳолатдан яхшиликка йўналтира оладиган, аҳволни яхшилайдиган энг асосий нарса бу тарбиядир. Тарбия тўғри йўлга қўйилса, жамиятга ҳалол ва ҳаром, ҳақ ва ботил тўғри ўргатилса ва тарбиячиларнинг ўзи бераётган тарбиясига амал қилса, албатта бу тез фурсатда ижобий натижа беради ва ҳолатимиз яхшилик томон юз тутади.

Фарзандларимизни кўпроқ пул топишга эмас, балки, ҳалол ризқ топишга, фақат ўзининг манфаатини ўйлаб иш қилишга эмас, балки, бошқаларнинг, келажак авлоднинг манфаатларини ҳам ўйлашга чақиришимиз лозим. Буни уларга чуқур англатишимиз зарур. Келажак хатар остида!

Порахўр одам бошқаларга поранинг жамиятдаги зарарлари ҳақида гапириши, судхўр рибонинг ёмонлигини баён қилиши, ўғри эса ўғриликнинг салбий оқибатлари ҳақида бонг уриши фойдасиз, буни англаб етайлик. Тарбиянинг асоси Аллоҳни таниш ва У зотни танитишдан бошланади.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг шогирдлари Нофеъ айтадилар: "Бир куни Ибн Умар билан Мадинанинг чеккасига чиқдик. Бошқа шогирдлари ҳам бор эди. Овқатланмоқчи бўлиб бир жойда ўтирдик. Шу пайт яқинимиздан бир чўпон қўйларини ҳайдаб ўтиб қолди. Ибн Умар унга:

- "Эй чўпон, кел, дастурхонимизга шерик бўл", дедилар.
- "Мен рўзадорман", деди чўпон.
- "Шундай иссиқ кунда, тоғу тошлар орасида, қўйлар ортидан юриб ҳам рўза тутдингми?", дедилар.
- "Ўтган кунларим эвазига тутяпман", деди у.

Ибн Умар ажабландилар ва унга:
- "Қўйларингдан бирини бизга сотсанг, сўйиб гўштини ердик, сенинг ифторинг учун ҳам бироз гўшт берардик, пулини ҳам тўлиқ қилиб берардик", дедилар.
- "Бу қўйлар меники эмас, хўжайинимники", деди чўпон.
- "Биттасини бўри еб кетди десанг, хўжайининг нима ҳам дерди?", дедилар Ибн Умар.

Бу гапни эшитган чўпон бармоғини осмонга кўтариб:
"Унда Аллоҳчи? У қаерда?", деб жўнаб кетди.
Унинг "Унда Аллоҳчи, У қаерда?" деган сўзини Ибн Умар Мадинага келгунча такрорлаб келдилар...

Бу саҳиҳ ривоятда тарбиянинг нақадар буюк иш экани, жамиятнинг барча қатламини ислоҳоти тарбия билан бўлиши яққол намоён бўлиб турибди. Чўпоннинг тақвосини кўрган Ибн Умар атайлаб ундан шу нарсаларни сўрадилар. Унинг жавоби эса биз учун буюк ибрат бўлиб қолди.

Бу ривоятнинг яна бир қизиқ жойи бор. Шунга эътиборингизни қаратинг, илтимос. У ҳам бўлса, ўша чўпон ҳеч ким танимайдиган, исми ҳам номаълум, ўзи қул бўлган бир одам эди. Тўғри тарбия берилган жамиятнинг чўпони ҳам ҳеч қачон омонатга хиёнат қилмайди. Ҳа, Роббисининг омонатига ҳам, одамларнинг омонатига ҳам хиёнат қилмайди. Бизнинг ҳолимизга бир қаранг энди...

Шу ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Ҳар бирингиз (чўпон) масъулсиз ва масъулиятингиздаги нарсадан сўралурсиз", - деган ҳадисларини эслатмоқчиман.

Тарбияга қайтайлик!

Устоз Улуғбек БУХОРИЙ

Дўстларингизга ҳам улашинг!!! https://t.me/XojagonUz