Get Mystery Box with random crypto!

#ТОКИ_ҲАЁТ_ЭКАНМАН... Улар билан келганларидан сўнг бафу | XazonRezgi (Official Channel)

#ТОКИ_ҲАЁТ_ЭКАНМАН...

Улар билан келганларидан сўнг бафуржа гаплашиб олмасам бўлмайди.

Фотима , қани ўрнингдан тур ! Йўлларингга кўз тикиб кутадиган интизоринг бузрукворинг дийдорига пешвоз чиқ. Дадангни, аянгни тафтини ол. Унутма , бу дунёда нафақат жуфти-ҳалолсан , балки азизларинг учун азиз фарзанд ҳамдирсан.

Фотима оғир тин олди. Қаддини ростлади. Рўмолини тўғрилади-ю, дадил қадамлар билан хонани тарк этди.



Камрон Фотима ота- онасиникидан келганидан бир соатлар ўтиб уйга қайтди.

У Фотима ўзини кутиб олмаганига ҳайрон бўлиб ётоқхонага мўралади.

- Фотима , нима бўлди ? Туззукмисан ? - сўради Камрон аёлини ётокда ранги синиқиб , кайфиятсиз ҳолда ётганини кўриб .

- Ассалому алайкум,- аранг бош кўтариб беҳол шивирлади Фотима, - билмадим, нимагадир тобим йўқ.

- Дадамларни кўришга бораман дегандинг ? Бормадингми ?

- Бордим. Қайтишда Умаржон машинасида олиб келиб қўйди. У ерда яхши эдим. Уйга келиб тўсатдан тобим қочди.

- Ҳозир чой қўйиб юбораман. Қайноқ- қайноқ ичсанг ўзингга келиб қоласан,- деди куйинчаклик билан Камрон ,- сенга тоғнинг кўк мадор сомсасини олиб келдим. Униям иситиб бераман.

- Керакмас ,- Камронга дарҳол эътироз билдирди Фотима ,- менга иссиқ чой эмас , иложи бўлса яхдек сув беринг. Юрагим куйиб кетяпти.

Фотима охирги сўзларини шунчалар дардга тўлиб айтди-ки , Камрон чиқиб кетаётган жойида тўхтади, ранги қув оқарди, аммо бир сўз демай ўйланганча йўлида давом этди. Кўп ўтмай у қўлида бир бокал илиқ гилос шарбати билан хонага қайтди :

- Буни ичгин- чи ? Жуда яхдек эмас . Хона ҳароратида ...- у бокални Фотимага тутар экан пешонасига кафт босди ,- иссиғинг йўқми ишқилиб ?

- Йўўўқ ...

- Пешонанг муздек . Менимча юрагинг безовта қилган шекилли ,- деди Камрон Фотимага ачинганча ,- шифокорга олиб борайми ?

Фотима бош чайқади :

- Юришга ҳолим йўқ. Бошим ҳам айланиб кетяпти.

- Ундай бўлса тез ёрдам чақираман,-деди Камрон ўрнидан чаққонлик билан қўзғалиб .

- Керакмас. Бироз ётсам туззук бўлиб қоламан, - хўрсинди Фотима ,- шарбат ичиб анча ўзимга келиб қолдим.

Камрон Фотиманинг қўлидан бўшаган бокални олиб дераза токчасига қўйди. Ўзи ўринга қайта чўзилган Фотиманинг ёнига чўкди. Фотима унга бир сўз демай орқасига ўгирилиб ётиб олди.

- Буни қаранг "Тоғда яхши дам олиб келдингизми ?" деб сўрамабман,- деди у ўша ётишда эрининг юзига қарамай,- оғайнилар билан дам олишга чиққаннинг гашти бошқача-да.

Камрон оғир хўрсинди:

- Фотима ... Сенга бир гап айтмоқчи эдим.

- Айтаверинг... - ўгирилмасдан шивирлади Фотима

- Биласанми , бу гапни қандай айтишни билмаяпман.

Фотима индамади. У Таҳминанинг бояги қилиғидан юраги пора- пора бўлиб кетган , бироқ ундан эмас ,балки Камрондан жуда қаттиқ хафа бўлган эди. "Ишонган тоғда кийик ётмас эканда" -дея изтироб билан ўйлар эди у,- ана Камрон аканинг айнишларига етти ой кифоя қилди . Ёлғончилик муборак бўлсин , Камрон ака !" Ана шундай хаёллар исканжаси Фотимани ҳолдан тойдирганди. У уйига кирар- кирмас базўр ётоғига етиб олган эди.

- Фотима... Мен ... Мен сени алдадим ,- Фотиманинг мижжаларига ёш қалқди . Камрон эса титроқ овоз билан сўзида давом этди,- мен тоққа оғайниларим билан чиқмаган эдим. Хуллас ... Мен у ерга Таҳминани олиб бордим...

- Яхши қилибсиз ... Аммо нега бу сўзларни менга айтяпсиз ? Таҳминани олиб боришга борибсиз ? Мароқли дам олиб келган бўлсангиз бўпти- да. Ёпиқли қозон ёпиқли қолаверсин эди,- алам билан шивирлади Фотима

- Фотима ... Мен шундай қилишга мажбур бўлдим. Аввалига изтироб чекмагин деб буни сенга айтмоқчи эмасдим. Бироқ айбдорлик ҳисси юрагимни эзиб юборди. Сен шундай аелсан- ки , босган ҳар бир қадамим , олаётган ҳар ютум нафасимдан ҳам менинг ичимда кечаётган ғалаёнлардан хабардор бўла оласан. Шу сабаб ҳам виждон азобида қийналмай деб , қолаверса кўнглим барибир ҳаммасини сотиб қўяди деб бўлган воқеани борича сенга ўзим тан олиб айтиб берай дегандим.
Хуллас мен Таҳминани тоғга олиб бордим.

@Xazon_Rezgi /65