Get Mystery Box with random crypto!

ТАРИХИЙ ФИНАЛ Польшадаги финал тарихга кўп воқеалари билан ки | Xayrulla Hamidov official

ТАРИХИЙ ФИНАЛ

Польшадаги финал тарихга кўп воқеалари билан киради. Майдонда ҳаракат қилган барча футболчининг пенальтилар сериясида қатнашгани билан айниқса. Охирида дарвозабонлардан бири хатога йўл қўйиши билан. Ҳа, бу шунақа ўйин. Белгиланган вақтда енга олмадингми, асаблар синови қарши олади.
МЮга лотореяда қийинроқ бўлди. Чунки биринчи тепган жамоада руҳият нисбатан яхшироқ бўлади. У гол урса, иккинчи тепгувчи клуб вакилига оғир. Масъулиятнинг ўзи еб қўяди. Статистика бўйича биринчи тепганлар кўпроқ енгишган. Бу сафар ҳам шундай бўлди.
Пенальтилар сериясига боргунга қадар ҳам шундай бўлди-да ўзи. Ўйиндаги голни ҳам Вильярреал урди. Морено ҳисобига ёзилган гол стандарт вазият натижаси.
Юнайтеднинг голи ҳам шунга ўхшаш. Жамоалар ўта ўхшаш ва тенг савияли экани маълум бўлди. Иккиси бир-бирининг ҳимоясида муаммолар борлиги учун ҳужумга берилишга интилди, шу интилиш асносида ўз ҳимояси муаммосини эслаб қолаверди.
Сульшер 22 йил олдин худди шу санада Баварияни қон қақшатганди. Ҳа, у пайти Оле эмас, Сэр ғалаба қозонганини бугун яна тушундик. Миллий чемпионатлардаги камбэклар бу давравий тизимдаги босимсиз жараён. Аммо мана бунақа финалларда мураббийнинг жасорати қутқариб қолади одатда. Норвегиялик мураббий иккинчи бўлим охирида ҳам, тўртинчи бўлим охирида ҳам қўрқди. Жамоаси ҳисоб ушлаш учун ўйнагиси келмаса-да, ундан ҳужумкорликка ёрдам бўлмади. 22 йил олдин эса, Фергюсон икки ҳужумчини бир пайтда ташлаган. Балки таваккалдир, балки режа асосида, аммо шу иши билан ўша кунги нурсиз ўйини билан-да ғалабага ҳақли бўлиб кўринган.
Сульшернинг бугунги танлаган йўли на совуқ, на иссиқ, қандайдир или-милиқ йўлга ўхшайди. Унаи Эмерининг ҳар бир ҳаракати ғалаба учун қаратилган. Билиниб турди. У испаниялик мутахассисдан қўрқди кўпроқ. Ўтган йили Лопетегидан чўчигани каби. МЮ футболчиларига охир-оқибат мураббийнинг қўрқуви ўтгандек бўлди. Ўнта тўғри тепилган пенальтида бўлмаса-да, охирги зарбани йўлловчи Де Хеяда барибир ўз аксини берди. Биринчи бўлимда МЮ гол ўтказиб юборган бўлса-да, энг яхши бўлимини ўтказди. Хавфли вазиятлар билан эмас, назорат билан. Тизгин ўйин тугаши сари рақибга бериб борилаверди. Бунақа МЮни АПЛда учратмагандик. Бу сафар негадир шундай жамоа гавдаланди.
Мен ҳеч кимни айбламоқчи эмасман. Нейтрал мухлис сифатида айтаман, холос - ғалабага харисроқ ва финал қадрини кўпроқ ҳис қилган жамоа кубок эгаси бўлди. Бу кубок Вильярреал учун биринчиси. Унаи Эмери учун тўртинчиси. Иккинчи жамоада ҳам қўлга кирита олди. Демак, у “Севилья”дагина чой қайнатадиган жин” эмас. “Арсенал” билан финалда енгилгани бошқа жиҳатлар билан изоҳланади.
Сульшер биринчи финалини бой берди. Тажриба орттирар балки, лекин таркиб жиҳатидан аниқ кучли бўла туриб ютқазишга, аниқроғи, 120 дақиқа давомида енга олмасликка оқлов шарт эмас. Уят бўлади. Лекин унинг АПЛдаги камида охирги 30 ўйини учун раҳмат. Зўр ишлар қилди. Охирида МЮ билан финалда ютқазди. Бир пайтлари уни тўқсонинчи дақиқада майдонга ғалаба учун ташлаган мўйсафид устозининг қаршисида ютқазди. Мана шу азоб унинг сочида оқларни яна кўпайтирса керак.
Вильярреални табриклаймиз, у Испаниянинг ЕЧЛда қатнашувчи бешинчи жамоасига айланди. Қуръада биринчи сеткадан ўрин олади. Унаи Эмери Англияга бориб тўккан обрўсини Англия жамоаларини енгиб тиклади. МЮ испан клублари финалга чиқса, ярим финални бой бериб қўявергани маъқул. Испания тупроғида немисни ютиши мумкиндир, аммо испанларга кучи етмас экан. Бу масалада Оле тугул, унинг устози ҳам ожизлик қилган. Хуллас, шунақа тарихий финални кузатдик ва роҳатландик. Ҳаммаси учун раҳмат!

@xayrulla_hamidov