Get Mystery Box with random crypto!

*  *  * Етар, шунча ичимга ютдим, Тўрт  фаслим ҳам, қара, қиш | XAYOL | BEKATI...

*  *  *
Етар, шунча ичимга ютдим,
Тўрт  фаслим ҳам, қара, қиш она.
Музликлардан тайриниб ўтдим,
Йўқдир ҳануз гулдан нишона.


Ўтиб кетди қаршимдан ўн йил,
Оғу ичдим, шаробга қўшиб.
Ўн йил бўлди, кулолмайди дил,
Яшолмайман ўн йилки, жўшиб.

Олислардан ёғду сочар бахт,
Умрим жодир қатим нурида.
Ҳануз қалбим ҳижронга пойтахт,
Висол фақат тасаввуримда.


Қачонгача кўз ёшдай тўлиб,
Кипринингдан сирғаламан мен?
Юрагимни беш қўллаб юлиб,
Мажақласам оларманми тин?

Қачонгача юзга табассум
Сувратини ўтарман чизиб?
Яшасайдим бир лаҳза, бир зум,
Бахтни ипга  мунчоқдай тизиб.


Суянганим Тангридир фақат,
Ишонганим ғам тўла қўшиқ.
Топганим бир аччиқ муҳаббат,
Асраганим кўнглимдаги ишқ.

Ишқ сўзида эсмайди беҳишт,
Ишқ сўзида ловуллайди чўғ.
Кулгулари жарангламас ҳеч,
Ишқда нечун бахтиёрлик йўқ?


Баҳодир БАҲРОМ