Get Mystery Box with random crypto!

Нуқта қўйилмайдими? Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Респуб | Тўғри ёзамиз — мутахассис блоги

Нуқта қўйилмайдими?

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида катталик бирликларини қўллаш тўғрисида”ги қарори бор. Унда аниқ ёзиб қўйилган:
• “Бирлик белгиларида қисқартириш белгиси сифатида нуқта қўйилмайди”.

Шунга кўра, уларнинг қисқартмаларини нуқтасиз ёзганимиз тўғри бўлади:
• миллиметр — мм (mm)
• сантиметр — см (cm)
• дециметр — дм (dm)
• метр — м (m)
• километр — км (km)
• грамм — г (g)
• килограмм кг (kg)
• миллилитр — мл (ml)
• литр — л (l)

Мисол учун:
Вазни 60 кг бўлганлар орасидаги мусобақа давом этади.

————————

Биз сўз қисқартмаларидан кейин нуқта қўйилишига одатланганмиз:
• республика — рес.
• вилоят — вил.
• туман — тум.
• ва ҳоказо — ва ҳ. каби...

Аммо муайян қисми қирқилган қисқартмалардан ташқари, аббревиатуралар (уларга кейинроқ алоҳида тўхталамиз) ва орада унли (ва баъзи бошқа) ҳарфлари тушириб қолдирилган қисқартмалар ҳам бўлади:
• миллион — млн
• миллиард — млрд
• триллион — трлн каби

Амалиётда бундай қисқартмалардан кейин нуқта қўйилмайди. Мисол учун:
• Бу йили даромад 14 млрд сўмни ташкил қилди.
• ...корхоналар бир йилда 2,3 трлн сўм соф фойда кўрди
.

Мантиқан қаралса, нуқтанинг вазифаси қисқартманинг тушириб қолдирилган сўнгги қисми борлигини билдиришдир. Соддароқ айтсак, нуқтанинг ўрнида бирор нарса бор дегани.

Биздаги млн, млрд қисқартмаларида эса сўнгги ҳарф сақланиб қолган, шу боис улардан кейин нуқта қўйиш хато бўлади, чунки нуқтадан кейин яна бир тушиб қолган қисм бор дегандек бўлиб қолади.

@xatoliklar