Расман: нотўғри «парковка» учун жарима миқдори камайтирилди
Президент томонидан кеча, 29 апрел куни имзоланган қонунга кўра, транспортда тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузганлик учун жарима миқдори БҲМнинг 2 баравари (490 минг сўм) этиб белгиланди.
Аввал бу миқдор БҲМнинг 3 баравари (735 минг сўм)ни ташкил қилар эди.
Шунингдек, такроран содир этилган ушбу қоидабузарлик учун оширилган миқдордаги жарима солиш тартиби бекор қилинди. Яъни илгари бир марта жарима қўллангандан кейин 1 йил ичида яна такроран содир этилса 3 млн 675 минг сўмгача жарима солинар эди.
Энди неча марта қоида бузилганидан қатъи назар бир хил - БҲМ 2 баравари (490 минг сўм) миқдорида жарима солинади.
Қонун матни “Халқ сўзи” газетасининг бугунги сонида чоп этилди ва бугундан кучга киради.