Get Mystery Box with random crypto!

Шавкат Мирзиёев Туркманистон президентига табрик йўллади Ўзбе | Vodiy gavhari - Farg'onam

Шавкат Мирзиёев Туркманистон президентига табрик йўллади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга табрик йўллади.

«Ўзбек ва туркман халқлари тарихидаги муҳим ва қутлуғ сана – давлатларимиз ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан Сиз, Жаноби Олийларига самимий табрикларим ва эзгу тилакларимни йўллашдан беҳад мамнунман.

Туркманистон биз учун кўп асрлик яқин дўст ва аҳил қўшни, умумий маданий анъаналар, ўхшаш тил ва урф-одатларга эга бўлган ҳамда давр синовларидан ўтган ишончли шерикдир.

Икки давлатнинг истиқлол йилларида босиб ўтган йўлларига назар ташлар эканмиз шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, 30 йил мобайнида мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг мустаҳкам сиёсий-дипломатик ва ҳуқуқий пойдеворини яратишга муваффақ бўлдик.

Муштарак сиёсий иродамиз орқали ўзаро ҳурмат ва бир-бирини қўллаб-қувватлашга асосланган стратегик шериклик муносабатлари сўнгги йилларда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиб, амалий мазмун билан бойиб бормоқда. Олий даражадаги сиёсий мулоқотлар, парламентлараро ва ҳудудлараро алоқалар янада фаоллашмоқда.

Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик ҳамда сув хўжалиги масалалари бўйича Ҳукуматлараро комиссиялар доирасида икки томонлама фаолиятнинг барча жабҳалари бўйича қатъий саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқдамиз.

Сиз билан 2022 йилда Тошкент, Самарқанд ва Ашхобод шаҳарларида бўлиб ўтган дўстона ва сермаҳсул учрашувларимиз чоғида кўп қиррали ҳамда узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини изчил ривожлантиришдан манфаатдор эканимизни яна бир бор тасдиқладик», дейилади табрикда.

Канал манзили: @Vodiy_gavhari_Fargonam