Get Mystery Box with random crypto!

​КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ ҚОНУН НАЗОРАТИДА Вилоят ҳокимлигид | Vodildan gapiramiz

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ ҚОНУН НАЗОРАТИДА

Вилоят ҳокимлигида коррупцияга қарши курашиш бўйича вилоят идоралараро комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, халқ депутатлари вилоят ҳамда туман-шаҳар кенгашлари депутатлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, назорат этувчи ҳамда тегишли муассаса ва ташкилот раҳбарлари, суд раислари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Йиғилишни вилоят ҳокими Хайрулло Бозаров қисқача кириш сўзи билан очди ва олиб борди.

Йиғилишда вилоят прокурори Улуғбек Қосимовнинг “Вилоятда коррупция ҳолатларини олдини олиш ва уни бартараф этишда ҳуқуқ-тартибот идоралари олдида турган вазифалар ҳақида””ги ахбороти тингланди.

Даставвал маърузачи давлат бюджетларининг сарфланиши ҳолатига тўхталиб, вилоятда бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланиб, бундай қонунбузилишларга йўл қўйган 238 нафар шунингдек, 50 га яқин фуқаролар жиноий жавобгарликка тортилганлигини айтиб ўтди.

Ачинарлиси шундаки, қонунбузилиш ҳолатлари ҳуқуқий билимга эга бўлган фуқаролар томонидан содир этилган. Чунончи, пул маблағларини нақдлаштириш, сохта фирмалар фаолияти билан шуғулланиш ва солиқ тўловларини амалга оширмаслик, жиноий йўл билан бюджет маблағларини легаллаштириш каби жиноий ишлар кўп учрамоқда.

- Аксарият идораларда ички идоравий назорат ҳамда юридик хизматнинг ўрни умуман сезилмаётганлигига сабаб баъзи раҳбарларнинг ўзи бундан манфаатдорлиги коррупцияга чек қўйишга имкон бермаяпти, - деди вилоят прокурори. – Вилоятимизда қонунлар ижроси устидан назоратга масъул 20 дан ортиқ назорат органлари мавжуд. Афсуски, бу идораларнинг фаолияти бугунги кунда кўзга кўринмаяпти. Сўнгги давр мобайнида назорат идора лари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга коррупция билан боғлиқ бўлган материал тақдим этилмаган, - деди маърузачи.

Бундан ташқари, қурилиш, ер ажратиш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги қонунбузилиш ҳолатларини аниқ мисоллар асосида таҳлил қилиб берди.

Вилоят прокурори ўз сўзи якунида жамият илдизига болта урувчи коррупция ҳолатларини бартараф этишда жамоатчилик назоратини кучайтириш зарурлигини айниқса, ҳар бир фуқарода воқеликка дахлдорлик ҳисси бўлмоғи зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Йиғилишда вилоят молия бош бошқармаси бошлиғи В.Назаров, вилоят давлат молиявий назорати бошқармаси бошлиғи С. Жўраев, вилоят хокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси директори Б. Равшанов, вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Б.Хўжаматовлар сўзга чиқишиб, ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Йиғилиш сўнггида муҳокама қилинган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги
https://t.me/joinchat/AAAAAFEjvIqfG6khmi7HEw