2021-05-07 13:10:14
Бухорий "авлоди"Савдода пихини ёрган, жуда ўзига тўқ, бадавлат, кўплаб Оврупо давлатлари билан олди-берди қилиб турадиган бир таниш акамиз Германияга сафари ҳақида айтиб берди:
"Германияга бордим. Кутиб олишди. Партнёрларимиз орасида Исломни қабул қилган немислар бор экан. Улар билан яқиндан танишдик. Улар менга қандайдир чақнаган кўзлари билан қараб, Бухорий юртидан эканлигимни билиб, диний мавзуларда гаплашгиси келарди. Мен эса суҳбатни савдо-сотиқ, бизнес мавзуларига олиб қочардим. Чунки диний мавзуда умуман билимга эга эмасман.
Хуллас, эртасига жума куни бўлди. Биргалашиб масжидга, жумъага боришга келишдик. Мезбонлар келиб мени меҳмонхонадан олиб кетишди. Германияда турли масжидлар бор. Туркларники, арабларники ва ҳоказо. Биз борганимиз айнан немис мусулмонларники экан.
Масжидга кирсак, жамоат асосан Исломни қабул қилган немислар ва европаликлардан иборат экан. Бизнес партнёрларим имомнинг олдига боришди-да, нималарнидир айтишди. Маъруза бошланди (немис тилида):
"Мана бугун масжидимизга қутлуғ қадамлари билан Бухорий юртидан меҳмон ташриф буюрибди. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Бухорий авлоди турганда мен имомлик қилишга хижолат бўламан ва ҳурмат билан меҳмонни меҳробга таклиф қиламан..."
Ҳамма жим, масжидда сукунат... Барчанинг ҳайратли нигоҳи менга тикилган...
Э Худоооо!... Ерни ёргин, ундан кўра, мен ўша ерга кириб кетай... Ахир, умрим бино бўлиб, бир ракъат намоз ўқимаганман. Қандай қилиб имомлик қиламан?!... Бундай шармандаликдан қандай қутуламан?!
Хуллас, орадан қанча вақт ўтганини билмайман. Ўзимни қўлга олишга ҳаракат қилиб, турли баҳоналар билан валдираб, партнёрларимга бир амаллаб тушунтирдим...
Намозни қай тарзда ўқидим, масжиддан қай тарзда чиқдим, билмайман. Совуқ тер оқишдан тўхтамасди...
...Германияга қайтиб боришга бетим қолмади.
Намоз ўқишни ўрганяпман. Беш вақт намозни масжидда ўқишга ҳаракат қиляпман.
Лекин буларнинг ҳаммасини ўрганган тақдиримда ҳам Бухорий авлоди бўла олмаслигим аниқ...
Суҳбатда иштирок этган Дилнур Камилов.
Мусанниф Адҳам саҳифасидан
Каналимизга уланиш учун қуйидаги линкни устига босинг https://t.me/joinchat/AAAAADwRkZQ9I85rZoZq1g
38.8K views10:10