Get Mystery Box with random crypto!

​​Кимнинг тавсияси? Ҳар қандай қарорнинг негизида қандайдир м | Oʻzbekona Tibbiyot

​​Кимнинг тавсияси?

Ҳар қандай қарорнинг негизида қандайдир мантиқ, асос ва соҳа мутахассислари билан маслаҳатлашилган бўлиши керак. Осмондан олинган тартиб-таомиллар нафақат самарасиз, одамларда ортиқча саволларнинг кўпайишига, айниқса, харажатларнинг ортишига олиб келади.

Республика махсус комиссиясининг яқинда қабул қилган қарорида айтилишича, жамоат жойлари ва тадбиркорлик объектлари ҳудудларида фуқаролар қўлқопларда бўлишлари керак. Гарчи Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қўлқоплардан фойдаланишни тавсия этмаган бўлса-да, қўлқоп кийилиши шарт.

Вирусология илмий-тадқиқот институти директори ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош инфекционисти Эркин Мусабаев бу талабга изоҳ берар экан, қарор чиқарганлар “мен билан ҳеч ким қўлқоп борасида маслаҳатлашмади. Агар маслаҳатлашганларида, қарор бироз бошқача бўлиши мумкин эди. Нафақат мен билан, балки қанақадир сариқ матбуотни эмас, балки жиддий илмий мақолаларни ўқийдиган бошқа олимлар билан ҳам маслаҳатлашилмади”, деб фикр билдирган.

Бугун @koronavirusinfouz канали германиялик олимлар тадқиқотлари асосида ҳатто дезинфекцияловчи тоннеллар COVID-19 коронавирус инфекциясидан ҳимоя қилмаслигини эълон қилди. Сабаби SARS-CoV2 кўпайишининг асосий ўчоқлари ўпка ва бронхларда жойлашган. Ташқи дезинфекция самара бериши эҳтимоли камроқ. Ўзбекистонда эса бундай тоннеллар ўрнатилган. Аксарияти тадбиркорларнинг маблағлари эвазига ўрнатилган. Бундан аввалроқ, кўчаларни ва очиқ майдонларни дезинфекциялаш орқали қанчадан-қанча ресурс исроф қилинган эди.

Американинг Энтони Фаучи дегани бош инфекционисти бор. Пандемия даврида нафақат Америкада, балки бутун дунёда машҳур бўлиб кетди. Трампга яллоқиланмасдан, вазиятга тўғри баҳо бериши, турли ўзбошимча даволаш ва қарши курашиш чораларига қарши қатъий сўзини айтиши билан ҳам кўпчиликнинг ҳурматига сазовор бўлди. Бизда эса инфекционистлар ҳатто қарор қабул қилиш жараёнида иштирок этмаяпти. Қанчалик ўринли билмадик, лекин бизда пандемия даврида одамлар инфекционистнинг эмас, ички ишлар, миллий гвардия ходимларининг сўзларига амал қиладиган бўлди.

Хўш, Республика махсус комиссияси у ёки бу тартибни жорий қилаётганда, нимага асосланиб қарор чиқармоқда? Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия қилмаган бўлса, республиканинг бош инфекционисти бехабар бўлса. Кимнинг тавсияси билан? Тоннел ва қўлқоп ишлаб чиқарувчиларнинг тавсияси биланми? Айниқса, иккинчи тўлқин бошланган, карантин чоралари кучайиши эҳтимоли кундан-кунга ортаётган, тиббиёт тизими бу "нагрузка" бардош беришига саволлар кўпаяётган пайти ҳар бир қадам илмий асосланган, сиёсатчиларнинг гапи билан эмас, балки соҳа мутахассисларининг аниқ-тиниқ тавсиялари билан йўлга қўйилиши керак, назаримизда.