Сўзга чиққанлар янги таҳрирдаги Конституциямизда илгари амал қилиб келинган “давлат – жамият – инсон” тамойили “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартирилаётгани, унда жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари инобатга олинганини таъкидлашди. Қолаверса, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид қоидалар бир неча каррага ортаётгани, ўз навбатида давлатнинг ҳам халқ олдидаги мажбурияти бир неча бараварга кўпаяётганига алоҳида урғу беришди.
Шунингдек, тадбирда Конституцияда тадбиркорлик фаолияти кафолатларини кучайтириш, бозор муносабатларини ривожлантириш, ҳалол рақобат учун шарт-шароит яратиш, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш, адолатли солиқ тизимини йўлга қўйиш, монополистик фаолиятни чеклаш орқали том маънода эркин бозор иқтисодиётини шакллантириш учун барқарор асослар яратилаётгани ҳам айтиб ўтилди.