Get Mystery Box with random crypto!

Блогер Шуҳрат Курбанов 'Халқ билан мулоқот'га қайтишга чақиряп | UZIMEI tizimi haqida hammasi

Блогер Шуҳрат Курбанов "Халқ билан мулоқот"га қайтишга чақиряпти. Яъни "қайта алоқа" яхши ишламаяпти деяпти. Қўшиламан. Ўзим ҳам охирги кунларда ўйлаб юрган фикрларим билан тўлдираман.

Олти йилдан бери халқ билан мулоқот қилинади, одамлар тингланади. Лекин халқ фикрига жавоб ва натижа динамикаси тобора пасайиб бормоқда. Сайёр қабулларда мурожаатчилар доим бир хил муаммоларни гапиради: нархлар ошиши, ижтимоий тармоқларни чеклаш, IMEI-кодлар, таълим, соғлиқни сақлаш, ишсизлик… Тонировка арзонлади, қолгани-чи? Битта-битталаб муаммоларни ечиш ёки улар йўқдек игнор қилиш, жуда эҳтиёж бўлганда "тонировка"дек муаммоларни ҳал қилиш – тўғри эмас менимча. Бу фақат менинг шахсий фикрим эмас, охирги кунларда жуда кўпчиликдан эшитяпмиз бунақа эътирозларни. Ўрганяпсизларми шу кайфиятни, биласизларми? Билсанглар, нега ўзгариш йўқ?

“Менинг фикрим” портали — фалаж, депутатлар ланж, Парламент ташаббуслари деярли йўқ, халқ фикри ўзича, депутатлар ўзича. Ҳали “Очиқ бюджет”ни қийинлаштиришмоқчи, ҳали ўқитувчилар ойлиги кўзларига кўп кўринади…

“Конституцион ислоҳотларни фалон фоиз аҳоли маъқуллади” дейилганди, унда нега Қорақалпоқ воқеалари бўлди?

Президент билан учрашувда бир-икки кексалар ё селекциядан ўтказиб киритилган ёшлар айтган таклифлар халқ фикри бўла оладими, халқ кайфиятини билдирадими? (Президентнинг олдида гапиролмай қолиш нималигини ўзим ҳам биламан, очиғини айтсам – психология).

Конституцияга киритилаётган бошқа ўзгаришлар бўйича объектив халқ фикрини биламан дея оласизларми? Нимага таяниб айта оласизлар? Референдум бўлар майли, лекин унда объектив халқ иродаси акс этиши учун ҳозир мулоқотнинг натижадорлиги муҳим.

Нималардир тубдан, жиддий ўзгариши керак. Интернет тезлигини оширмаслик, ижтимоий тармоқларни чеклаш, дўппи тор келганда умуман интернетни узиш – кўряпмизки, зарарли. Яна қанча аччиқ мисол керак бунга? Халқ фикрини ОАВда айтмаса, интернетда айтмаса, сайёр қабулга чиққан амалдорларга айтган талаблари барибир ечилмаса... одамлар кайфияти ва фикри йўқ бўлиб қолмайди, норозилиги ютилиб кетавермайди, пуфакни ёрилар даражага олиб келиши мумкин.

Халқ фикрини объектив ўрганишга ресурсларни максимум жалб қилиш керак.
Ва албатта, бу фикр билан ҳисоблашиш керак. Халқнинг муаммоларини эшитишнинг ўзи камлик қилади, уларни ечиш, ҳеч бўлмаса, одамларнинг ҳаётини ноқулайлаштираётган сунъий чекловларни (интернет, ижтимоий тармоқларни чеклаш, IMEI, монополиялар) йўқотишдан бошлаш керак ишни. Булар катта ресурс талаб қилмайди, қарор берилиши керак тезроқ.

Гапларимни "халқ номидан гапиришга ҳаққинг йўқ" деган маънога бурманглар, Мен конституцион ислоҳотларнинг кўп бандларини ёқлайман ва бу ҳақида постлар ёзиб келяпман. Бироқ мен халқ эмасман. Беш, ўн, эллик-юзта номи очиқ/ёпиқ блогер — халқ эмас. Ижтимоий тармоқда бир неча миллион ўзбекистонлик фойдаланувчи бор, улар орасида қанчаси фикрини очиқ айта оляпти, қанчаси тролл, яна қанча буюртма постлар — билмайсиз, аммо улар мавжуд, рад этолмайсиз. Реал халқ фикрини ўрганиш керак, Галлопча усулда. Натижаларни жиддий эътиборда тутиш лозим. Қарорлар тўғри бўлиши, хатолар қимматга тушмаслиги учун.


@shahnozxon