Get Mystery Box with random crypto!

ОТАНГНИ БИР КУНГА МЕНГА БЕР ДЎСТИМ Ногаҳон бу хонадон бир бу | @UzgenHabar

ОТАНГНИ БИР КУНГА
МЕНГА БЕР ДЎСТИМ

Ногаҳон бу хонадон бир бурчагида ўзи билан ўзи андармон бўлиб қолган, оппоқ яктагида бўйни ёқасига кириб, кўксидаги қоқ суяги бўртиб турган, чаммамда ёши 80 баҳорлардан ошган, нуроний чеҳра отахонга кўзим тушди.Назаримда менга у хаётдан жуда зериккан, ўз яқинларидан озроқ эътибор ва меҳру оқибат соғингандай туюлди...

Ярашган савлатинг, мосдир бўйинга,
Эл аро юриши, шер бўлган, дўстим,
Сиғмаса хайхотдай, сарой уйингга,
Бир кунга отангни, бер менга, дўстим.

Қўй, сенга бўлмасин, кулгу эрмаклар,
Кексайиб туролмай, ётиб, эмаклар,
Елкамда кўтариб, эркалаб, алқай...
Отангни бир кунга, менга бер, дўстим.

Юзида Ҳизрнинг кундай нури бор,
Кумушдай сақоли бунча жилвагар,
Нигоҳи боладай тоза, беғубор...
Отангни бир кунга, менга бер, дўстим.

Азиздир, муборак олтин бошлари,
Болам, деб, тўкилган сийрак сочлари,
Тўхтамас, кўзимнинг оққан ёшлари...
Отангни бир кунга, менга бер, дўстим.

Эгнида яктаги мисли қордай оқ,
Камолингни тилаб, чўккан улкан тоғ,
Дуога қўл очган, қўли қалтироқ...
Отангни бир кунга, менга бер, дўстим.

Уни билмайсанда, чексиз қудрати,
Сумбати вужудинг руҳий қуввати,
Шу сени омадинг, тожинг давлати...
Отангни бир кунга, менга бер, дўстим.

Юртда обрў топдим, топдим лавозим,
Аммо тополмадим чин дўст, ҳолисим,
Соғинганман жуда, хазин овозин...
Отангни бир кунга, менга бер, дўстим.

Кўксига бошимни қўйиб олайин,
Дийдорига тўйиб - тўйиб олайин,
Суйкалиб қўйнида - суйиб олайин...
Отангни бир кунга, менга бер, дўстим.

Эски дўпписини хидлаб, эрта кеч,
Отасидай одам учратмади хеч,
Мурод ўкинчида - сендан бир ўтинч:
Отангни бир кунга, менга бер, дўстим.

Қизилтоғ шоири
Муроджон Жўраев

@UzgenHabar