Get Mystery Box with random crypto!

Жорий йилнинг 11-12 май кунлари Тошкент шаҳрида Бош прокуратур | Bosh prokuratura

Жорий йилнинг 11-12 май кунлари Тошкент шаҳрида Бош прокуратура ва “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамкорлигида “Мураккаб коррупцион жиноятларни тергов қилиш ва жиноий жавобгарликка тортиш доирасидаги янги тенденциялар” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.

Тадбирда Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг марказий ва ҳудудий тармоқлари ходимлари иштирок этишди.

Тренинг машғулотида халқаро экспертлар сифатида таклиф қилинган АҚШнинг собиқ прокурорлари Г.Уэдл ва Б.Гринберг ҳамда Словениянинг коррупцияга қарши курашиш комиссияси собиқ раҳбари Г.Клеменчичлар қатнашишди.

Хорижий экспертлар томонидан иштирокчиларга мураккаб коррупциявий жиноятларни фош этиш ва тергов қилиш жараёнларида амалга оширилаётган янги тенденциялар ҳақида АҚШ ва бошқа етакчи хорижий давлатларнинг илғор тажрибаси ва амалиёти мисолида тушунтиришлар берилди.

Хусусан, мазкур тоифадаги жиноят ишлари бўйича тезкор қидирув тадбирларини ўтказиш, молиявий маълумотларни мониторинг ва таҳлил қилиш, гувоҳлар билан ишлаш ва уларни ҳимоя қилиш, параллель молиявий текширув ўтказиш, халқаро сўровлар юбориш, активларни аниқлаш ва уларни хориждан қайтириш, далиллар мақбуллигига риоя қилиш, шахсларнинг, шу жумладан юридик шахсларнинг жавобгарлигини таъминлашнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида аниқ мисоллар асосида маълумотлар берилди.

Шунингдек, тадбир давомида хорижий экспертларва иштирокчиларга мураккаб коррупциявий жиноятларни фош этиш ва тергов қилиш ҳамда параллель молиявий текширувлар ўтказиш бўйича Ўзбекистон тажрибаси ҳақида тақдимотлар қилинди.

Тадбир якунида ўзаро тажрибалар ҳақида фикр ва мулоҳазалар алмашинилди.

Бош прокуратуранинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига аъзо бўлинг!

Telegram | Instagram | YouTube | Facebook