Get Mystery Box with random crypto!

​​БОМДОД НАМОЗИГА УХЛАБ ҚОЛМАСЛИК УЧУН НИМА ҚИЛИШ КЕРАК? Саво | Uzbinar

​​БОМДОД НАМОЗИГА УХЛАБ ҚОЛМАСЛИК УЧУН НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

Савол: Мен бомдод намозига туришга қийналаман, кўпинча ибодатни ўтказиб юбораман. Бунинг олдини олиш учун қандай маслаҳат берасиз?

Жавоб: Бомдод намозига вақтида туриш учун:
1. Вақтилироқ ухлаш, телевизор, компютер, телефон каби нарсаларга кўп чалғимаслик.
2. Ухлашдан олдин таҳорат қилиб, дуоларни ўқишга одатланиш.
3. Эрталаб намозга туришга қатъий ният қилиш.
Аниқланишича, агар одам ўз миясига “Фалон вақтда туришим керак”, деб буйруқ берса, ўша вақтда биров уйғотмаса ҳам уйқудан турар экан. Шу билан бирга соат, телефон каби воситалардан фойдаланса ҳам бўлади.
4. Банда намозга турмасдан ухлаб ётаверса, шайтон унинг устидан кулишини унутмаслик.
5. Шунинг учун бомдодга турганда Аллоҳ зикр қилинади. Бу билан шайтон тугган туганлардан бири ечилади. Агар “Бироз мизғиб олай, ҳали вақт бор-ку”, деб ётаверса, шайтон бандани ўзига бўйсундиради.
6. Бомдод намозини ўқимасдан қуёш чиққунча ухлаш дангасаликка, лоқайдликка сабаб эканини, ризқни торайтиришини ёдда тутиш.
7. Тунги намозга турадиганлар ибодатни чўзиб юбормаганлари маъқул. Чунки кечаси таҳажжуд намозида толиқиб, бомдодга яқин ухлаб қолиши эҳтимоли бор. Ваҳоланки, бомдод намози фарз, таҳажжуд эса суннатдир. Суннатни ўқийман, деб фарзни тарк этиш тўғри эмас.
8. Кечаси камроқ овқат ейиш. Чунки кўп овқат еган одамнинг тана аъзолари оғирлашади, чарчайди. Натижада уйқучи бўлиб қолади, уйқудан вақтида тура олмайди. Тиббиётда ҳам ётишдан олдин кўп таом ейишдан қайтарилади, енгилроқ тамадди қилиш тавсия этилади.
9. Суннатга мувофиқ ухлаш. Яъни, аввал таҳорат қилинади. Кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатган дуолар ўқилади, Оятул курсий, Ихлос, Фалақ, Нос сураларини қироат қилиб, ўзига дам солинади. Сўнг ўнг томони билан ётилади. Шунда эрталаб туриш қийин бўлмайди.
10. Энг асосийси, намоз нақадар муҳимлигини билиш, бир маҳал намозни узрсиз тарк этиш қанчалик оғир гуноҳлигини тушуниб етиш лозим. Мунофиқлар учун хуфтон билан бомдод намози энг оғир юмуш экани маълум. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, агар саҳобалар бирон кишини бомдод ёки хуфтон намозида кўрмай қолишса, ундан (“Фалончи мунофиқ эмасмикан?” деб) бадгумон бўлишар экан.
Эътибор берсангиз, одам арзимас моддий фойда олиш учун ҳар қандай машаққатга чидайди, турли қийинчиликларни енгишга, эрталаб вақтлироқ туришга ҳаракат қилади. Нега энди ўткинчи дунёнинг арзимас матоҳига эришиш йўлида қилинган жидду жаҳдни абадий охиратимиз саодати йўлида қила олмаймиз?!
Имони мустаҳкам банда намозга бепарво бўлмайди, Аллоҳ фарз қилган намозни ўқишдан кўра юмшоқ тўшакда ухлашни афзал билмайди. Албатта, уйқу ўз вақтида бўлади, намоз ўз вақтида ўқилади. Уйқу вақтида телевизор кўриб, фойдасиз машғулотлар билан банд бўлган, намоз вақтида ухлаган одамнинг ҳаётида ҳузур-ҳаловат бўлмайди, хонадонидан файз-барака кўтарилади. Бундай киши қабрда ёлғиз қолганда, Аллоҳга ҳисоб берадиган кунда ҳоли не кечишини кўз олдига келтирса, нуқсон-камчиликларини ўнглашга ҳаракат қилади.
Сўзимиз охирида Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтамиз, севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога, у зот оила аъзоларига, саҳобаи киромларига, суннатларига ихлос-ла эргашганларга салавотлар, саломлар йўллаймиз!

"Намозда хушуъ" китобидан


@uzbinar