Get Mystery Box with random crypto!

​“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг 11 | UZBEKISTAN GTL

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг 11 ноябрь – Касаба уюшмалари куни муносабати билан байрам табриги

11 ноябрь – Касаба уюшмалари куни муносабати билан халқимиз фаровонлигига, касаба уюшмалари ҳаракати ривожига муносиб ҳисса қўшаётган энг фаол, фидоий ва ташаббускор инсонларни чин қалбимдан табриклайман!

Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, ўтган 5 йил давомида давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий шериклик ривож топиб, янги босқичга кўтарилди. Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг ижтимоий шерикликни ривожлантириш, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш, меҳнат соҳасидаги миллий қонунчиликни такомиллаштиришда иштирок этиш йўналишларидаги фаолияти сезиларли даражада ошди.

Бугун замонавий касаба уюшмалари ҳаракати ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишда, конструктив мулоқот ва ижтимоий шерикликни йўлга қўйишда асосий рол ўйнашга қодирлигини намойиш этмоқда.

Бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси ҳамда унинг таркибидаги бошланғич ташкилотлар билан ижтимоий шериклик тамойиллари асосида ишчи-ходимларни соғломлаштириш бўйича жамоа шартномаси орқали жорий йилнинг ўтган даврида "Ўзбекнефтгаз" АЖда ҳам самарали ишлар амалга оширилди.

Қашқадарё вилояти Муборак туманида қисқа фурсатда жаҳон андозаларига мос равишда капитал таъмирланиб, замонавий тиббиёт асбоб-ускуналар билан жиҳозланган “UNG Medline”МЧЖ клиник шифохонасининг ишга туширилганлигини бунга мисол келтириш мумкин.

“Ўзбекнефтгаз” АЖнинг тизим корхоналарида ишлайдиган ходимлар ва уларнинг оила аъзоларига ҳамда Муборак шаҳри аҳолисига сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш мақсадида очилган “UNG Medline” клиникасида жами 65 ўринли терапия, кардиология, урология, неврология, гинекология, жарроҳлик бўлимлари ҳамда 150 қатновлик поликлиника, замоновий лаборатория ташкил этилди.

Бундан ташқари, жорий йилнинг июн ойида ишга туширилган “Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли замонавий, барча қўлайликларга эга бўлган “UNG TOSHKENT DENGIZI OROMGOHI” МЧЖ сиҳатгоҳида жамият тизимидаги завод ва бошқармаларнинг ишчи-ходим ва уларнинг оила аъзолари дам олиши ташкил этилди.

Фурсатдан фойдаланиб, ушбу байрам муносабати билан “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси раёсатининг барча аъзоларига ишчи-ходимлар манфаати йўлида амалга ошириётган муҳим ишлари учун миннатдорчилик билдираман.

Сиз ишчи-ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қиласиз, уларга малакали юридик ёрдам кўрсатасиз. Сизнинг тамойилларга содиқлигингиз, муаммоларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишингиз, кўплаб лойиҳаларда кўмак ва ташаббускорлигингиз ҳамиша “Ўзбекнефтгаз” АЖ фаолиятини янада яхшилашга қаратилган.

Ҳар бирингизга саломатлик ва эзгулик, оилаларингизга фаровонлик, тинчлик ва файзу барака тилайман! Меҳнатингиз ҳамиша муносиб қадрланиб, билим ва тажрибангиз компаниямиз фаровонлигига хизмат қилаверсин!

Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги масъулиятли фаолиятингизда муваффақиятлар, касаба уюшмаларининг кўп қиррали фаолиятида янги ютуқ ва муваффақиятлар тилайман. Адолат, ҳамжиҳатлик тамойилларига асосланган шонли касаба уюшма билан анъаналаримиз янада мустаҳкамланиб, фаолиятингиз доимо мамнунлик олиб келсин!

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси
Меҳриддин Абдуллаев

|web-sayt |facebook |instagram|telegram|vk.com|