Get Mystery Box with random crypto!

Ўқитувчиларга номигагина нишонланадиган байрам эмас балки яхши | Uzbekonomics

Ўқитувчиларга номигагина нишонланадиган байрам эмас балки яхшироқ ҳаёт даражаси ҳамда кўпроқ эркинлик керак.

Ўқитувчиларнинг жамиятдаги аҳамияти ҳамда таълим саҳасининг қанчалик муҳимлиги ҳақида жуда кўп гапирилади. Ўқитувчиларни улуғлаш учун алоҳида байрам куни ҳам белгиланган. Лекин ишонинг бу қуруқ гаплар ёки номигагина ўтказиладиган байрамларнинг ҳеч бири ўқитувчилар учун энг муҳум ҳаётий зарурият эмас.

Улар учун кўпроқ касбий эркинлик, ҳеч бўлмаганда ўртача маош даражасида шаклланган маошлар кўпроқ муҳим ва аҳамиятли. Охирги йилларда қилинган ижобий ишлардан шубҳасиз ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилиниши кескин камайганлигини алоҳида ютуқ сифатида таъкидлаш керак(зеро, аслида ҳам шундай бўлиши керак бўлишига қарамасдан). Уларнинг фаолиятидаги умумий эркинлик борасида эса жуда катта ўзгариш кузатилганича йўқ.

Уларнинг ойлик маошларигага эътибор қаратадиган бўлсак, жуда ачинарли ҳолатга гувоҳ бўламиз. Масалан охирги маълумотларга таянадиган бўлсак, жорий йилда ўртача номинал маош 2.9 млн сўм атрофида шаклланмоқда. Таълим соҳасида банд бўлган ҳодимларнинг ўртача ойлик маоши эса 2.2 млн сўм атрофида шаклланмоқда. Бундан келиб чиқадики, ўқитувчилар(аниқроқ айтганда таълим тизимида банд ҳодимлар)нинг ўртача номинал маоши умумий ўртача маошнинг 76% ни ташкил этади(ёки ўртача маошдан 24% га камроқ шакланмоқда). 2017-йилда эса, таълим соҳасида банд бўлганларнинг номинал маоши 1.1 млн сўмни ташкил этган, ўртача маош эса 1.4 млн сўм атрофида шакланган. Бундан келиб чиқадики, ўша вақда таълим соҳасида банд бўлган ҳодимларнинг маоши ўртача маошнинг 80% ини ташкил этган(ёки ўртача маошдан 20% га камроқ шаклланган). Яъни 2017-йил билан таққослаганда 2021-йилга келиб таълим соҳасида банд бўлган ҳодимларнинг ўртача маоши умумий ўртача маошдаги улушида 4% йўқотишга учраган. Бошқача айтганда, таълим соҳасида банд бўлган ҳодимларнинг маоши бошқа соҳа вакилларининг маошига нисбатан секинроқ ўсган. Шу сабабли ўртача маошга нисбатан улушини йўқотишни бошлаган.

Юқорида айтагнимдек, таълим соҳасида банд бўлган ҳодимларга ҳозир кўпроқ эркинлик ҳамда юқорироқ маошлар жуда муҳим. Агар ҳукумат ўқитувчилар ҳақида ҳақиқатдан ҳам қайғурса, унда ҳеч бўлмаганда уларнинг маошини ўртача маош ўсишида ошириб бориши керак. Агар ҳақиқатдан уларнинг маоши ўртача маошда шаклланишини хоҳласа, унда таълим соҳаси вакилларининг маошини ҳозиргидан анча тезроқ ошириши зарур.

Барча устоз ва мураббийларни байрам билан табриклайман ҳамда умид қиламанки, яқин келажакда уларнинг ҳаёти ҳозиргидан сезиларли даражада яхшиланади.


@Mirkonomika