Get Mystery Box with random crypto!

Абитуриентлари талаба бўлиш фоизи бўйича Қоракўл тумани мамлак | Ona tili va adabiyot | Nuraddin Raxmanov bilan

Абитуриентлари талаба бўлиш фоизи бўйича Қоракўл тумани мамлакатда етакчи бўлди

Тест синовларига оид турли қизиқарли статистикаларни бериб бораётганимиздан хабарингиз бор. Ҳозирги постимизда абитуриентлари талаба бўлишда юқори кўрсаткичга эришган туман/шаҳарлар ҳақида маълумот берамиз.

Ушбу кўрсаткич бўйича Бухоро вилоятининг Қоракўл тумани энг юқори натижани қайд этди. Тумандаги 4 минг 734 нафар абитуриент ёшларнинг 30,3 фоизи, яъни 1 минг 435 нафари талаба бўлиш бахтига муяссар бўлди. Дарҳақиқат, Қоракўл туманидаги таълим сифати анча юқорилиги ҳеч кимга сир эмас. Ўзбекистон Халқ ўқитувчиси раҳматли Тўхтамурод Жумаев асос солган «Қоракўл мактаби» ва таълим бериш методологияси бутун Ўзбекистонга, ҳаттоки бошқа давлатларга ҳам машҳур десак, муболаға бўлмайди.

Масалан, жорий йилда Қоракўл халқаро математика мактабини битирган 74 нафар ўқувчининг барчаси 100% талаба бўлган бўлса, Қоракўл академик лицейининг 220 нафар битирувчиларидан 217 нафари (98,6%) талаба бўлган.

Эътиборли томони, талаб бўлиш фоизи бўйича 2 ва 3-ўринларни ҳам Бухоро туманлари эгаллаган. Олот тумани абитуриент ёшларининг 29,9 фоизи, Ғиждувон абитуриентларининг 29,1 фоизи талаба бўлишган.

ТОП-20 рейтингга қарайдиган бўлсак, Бухоронинг 7 та, Фарғонанинг 6 та тумани энг яхши кўрсаткичга эга бўлган.

Қуйида абитуриентлари талаба бўлиш фоизи бўйича ТОП-20 рейтинг билан танишишингиз мумкин:

1. Қоракўл — 30,3%
2. Олот — 29,9%
3. Ғиждувон — 29,1%
4. Қизилтепа — 28,5%
5. Шофиркон — 28,2%
6. Боғдод — 28,1%
7. Бувайда — 28%
8. Пешку — 27,9%
9. Кегейли — 27,8%
10. Вобкент — 27,4%
11. Нукус — 27,3%
12. Қанликўл — 27,2%
13. Навоий ш. — 26,4%
14. Мирзо Улуғбек — 26,3%
15. Данғара — 26%
16. Бухоро ш. — 25,9%
17. Риштон — 25,8%
18. Конимех — 25,6%
19. Ёзявон — 25,5%
20. Ўзбекистон т. — 25,2%


@xushnudbek