Get Mystery Box with random crypto!

Тошкент шаҳар экология бошқармаси фаолиятига хизмат текшируви | UzA | Tezkor xabarlar

Тошкент шаҳар экология бошқармаси фаолиятига хизмат текшируви тайинланди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри, Юнусобод туманида бир дона эман дарахтига қурувчилар томонидан шикаст етказилаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. 

Тошкент шаҳар экология бошқармаси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилганида “Max Processing” МЧЖ мансабдор шахслари томонидан 1 дона эман дарахти тегишли агротехник талабларга амал қилинмасдан Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманига кўчириб ўтқазилгани аниқланди. Айни дамда мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан “Max Processing” МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг 198-моддаси 3-қисми ва 229-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Шунингдек, Меҳнат кодексининг 151-153-моддаларига кўра Тошкент шаҳар экология бошқармаси бошлиғининг фаолиятига хизмат текшируви тайинланди ва Ф.Д. 2023 йилнинг 30 декабридан 2024 йилнинг 1 февралига қадар ишдан четлаштирилди. 

Хизмат текшируви давомида Тошкент шаҳар экология бошқармасининг барча таркибий бўлинмалари раҳбарлари, ходимларининг фаолияти ҳамда 2021-2023 йиллар давомида бошқарма томонидан давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталарни кесишга берилган рухсатномаларнинг қонунийлиги ва асослари ўрганилади.

Пойтахтда мораторий талабларига тўлиқ риоя этилмаётганлиги, аҳоли томонидан дарахтларнинг кесилиши борасида кўплаб эътирозлар билдирилаётганлиги, қонунчиликка амал қилинмасдан дарахтларни кесишга ёки кўчиришга қайта-қайта рухсатнома берилаётганлиги сабабли Экология вазирлиги шу йилнинг 1 февралига қадар Тошкент шаҳар экология бошқармаси ваколатларини чеклашига тўғри келди. Хусусан, энди дарахтларни кесиш ёки кўчириб ўтқазишга рухсатнома бериш фақатгина вазирликнинг тегишли бошқармаси билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Каналга уланиш: 
@uzauz