Get Mystery Box with random crypto!

Заҳарланишдан сақланинг! Заҳарнинг ҳақиқийсини ҳеч ким сота о | Rashid Usmonov live

Заҳарланишдан сақланинг!

Заҳарнинг ҳақиқийсини ҳеч ким сота олмайди, лекин уни асалга (мисол учун) жуда кам миқдорда қўшиб сотишса, унинг номи асал бўлиб, барчани секин-аста заҳарлай бошлайди. Бу заҳарланишдан йиллар ўтиб ўз «натижа»сини кўрсатади ва инсон қандайдир дардга чалиниб, навбатдаги «заҳар»ларни (дориларни) сотиб олишга мажбур бўлади. Қаранг, заҳар кетидан заҳар берилади, жуда кучли ўйланган тизим, а?

Зарарсиз маҳсулотниям нотўғри истеъмолидан у заҳарга айлантириш мумкин ёки нотабиий маҳсулотларни меъёридан ортиқ истеъмоли ва ишлатилиши одамларнинг шундан заҳарланишига сабабчи бўлиши мумкин. Менинг бугун заҳарланиш ва заҳар мавзумда мана нарсалар тушинилсин. Инчунин, булар инсониятга асл заҳарланишдан ҳам хавфли зиён келтирмоқда.

Озиқ-овқат саноатидаги компаниялар маркетинг ёлғонлари билан, мафтункор рекламалар орқали ва таъм сезиш органларимизни «қул қилиш» йўли билан бизни ўзларига ром қилиб, заҳарни едирмоқда.

Зарарли маҳсулотлар аввало ўзимиз нотўғри бозорлик қилишимиз орқали уйимизга кириб келади. Ҳар бир маҳсулотнинг 100 фоиз табиийлигига амин бўлиб, яхшилаб текшириб, унинг сифатлилигига ишонч ҳосил қилиб кейин сотиб олишимиз керак. «Болам айтди, хотиним ширинлик пиширар экан, бугун меҳмон келади», деган баҳоналарга қатъий қарши туриб бера олишимиз керак.

Уйда имкон қадар доим бир киши бозорлик қилиши лозим ва албатта эр-хотин сифатли ва зарарсиз озиқ-овқатларни харид қилишни бир-бирларидан талаб қилишлари керак. Чунки ота-она оиланинг соғломлигига масъулдир. Соғлом авлод соғлом овқатланиш билан вужудга келади, энг аввало шунга эътибор қаратиш керак.

Болалар мактабда ёки кўчада ўзбошимчалик билан овқатланиши ва ҳар хил қадоқланган «заҳарлар»ни истеъмол қилиши ёки зарарли ичимликларни олиб ичиши (хусусан, энергетик ичимликлар) ни ота-она кучли назоратга олиши лозим. Ҳар куни суриштириши, ҳисобот қабул қилиши, ўқитувчиларни ёки танишларини ишга солиб, соғлом овқатланиш шароитини ташкил қилиши лозим.

Уйга келадиган меҳмонларимиз ҳам, айниқса яқинлар, қуруқ бормай деб ҳар хил «заҳарлар»ни совғага олиб келади. Сифатсиз ширинликлар, таркиби шубҳали қандолат маҳсулотлари ва ҳоказолар. Шу маҳсулотларни олганингиздан сўнг қайтиб чиқаринг хонадонингиздан, агар келтирган одамлар яқинларингиз бўлса, «илтимос бизга табиий ва арзон нарсалар келтиринг бўлмаса овора бўлманг, бу неваралариз учун зарарли», деб айтинг.

Тўғри, айримларимизнинг меҳмондорчилигимиз ёки атрофимиздаги одамларнинг овқатланиши чалғитади, бундан қочиб қутулиб бўлмайди, илож йўқ, лекин имкон қадар ўзимизни нафсимизни тия олмасак яшашимиз чиройли бўлмайди, дорихона ва тиббиётнинг қули бўлиб, ўлгунимизча топганимизни ҳам, асабимиз ва хотиржамлигимизни ҳам шу йўлда сарфлаймиз.

Энг ёмони — биз бемор бўлсак ҳеч ким бизга ёқмайди, айни невараларни ўйнатаман деган даврда (агар шу ёшга кирсак), улар бизга ёқмай қолади ёки аксинча биз «касаллар» уларга ёқмаймиз. Хуллас, ҳамма нарсани аралаштириб еб, ҳаётимизни заҳарламоқдамиз, умримизни емирмоқдамиз.

Жамики касалликларни олдини олиш учун ҳам, даволаш учун ҳам аввал тўғри овқатланишни йўлга қўйишимиз керак, қолган барчаси кейинги ўринда туради.

Заҳарларни пул бериб сотиб олманг, одам касалликниям сотиб оладиган даражада ақлсиз бўлмаслиги керак.

Ҳурмат билан Рашид Усмонов.

Саломатлик каналига обуна бўлинг
| Telegram | Youtube | Facebook |