Get Mystery Box with random crypto!

​#uzb Бухоронинг сўнги амири Сайид Олимхон ибн Абдулаҳадхон | Унутилган тарих

​#uzb

Бухоронинг сўнги амири Сайид Олимхон ибн Абдулаҳадхон

Амир Олимхон (1881 йил, Кармана–1944 йил, Кобул) Бухорони 1910-1920 йилларда бошқарган сўнги манғит амиридир. У 1893-1896 йилларда
Петербургда таълим олган. Отасининг вафотидан сўнг 1910 йил 24 декабрда Бухоро тахтига ўтирган. Унинг даврида Бухоро амирлигининг Россияга қарамлиги янада кучайган. Тараққийпарвар кучлар, шунингдек, Ёш бухороликлар қаттиқ таъқиб қилинган. Биринчи жаҳон уруши даврида Россия императори Николай II уни генерал-лейтeнант ҳарбий унвони билан тақдирлаган ва 1915 йил ўзининг генерал-адъютанти қилиб тайинлаган, чунки у Россияга катта миқдорда пул билан ёрдам бериб турган. Бухорода 1917 йил апрел намойиши, хусусан, 1918 йил мартдаги Колесов воқеасидан кейин у амирлик ҳудудида 3 минг кишини жадидликда айблаб, ноҳақ қатл эттирган.

1920 йил августда Бухорога қилинган босқин натижасида амирлик тузуми ағдариб ташланган. Сентябрь ойининг ўрталарида Олимхон Шарқий Бухорога бориб, Бухоро халқининг босқинчи қизил армияга қарши олиб борган мустақиллик курашига раҳбарлик қилишга уринган. Олимхон Ҳисор вилоятини ўзига қароргоҳ қилиб, 6 ой давомида қизил аскарларга қарши курашган, Ҳисорда янги ҳукумат ташкил қилган. Олимхон Кўлоб, Ҳисор ва Душанба атрофида катта миқдордаги кучларни бирлаштиришга муваффақ бўлган. 1920 йил ноябрь ойининг ўрталарида унинг қўшинлари Бойсун, Дарбанд, Шерабодни қизил аскарлардан озод қилишган Олимхон ихтиёрига Фарғонадан ёрдамга юборилган 4 минг йигит ҳам Шарқий Бухорога етиб келган. 1921 йил 8 январда Олимхон қўшининг миқдори 25 минг кишига етган. Ҳисордан Кўлоб вилоятига келган Олимхон бутун қўшинларига Иброҳимбекни олий бош қўмондон этиб тайинлаган. Бироқ, бир қатор жангларда мағлубиятга учрагач, 1921 йилда Олимхон Амударёнинг Чубек кечувидан Афғонистонга ўтиб кетган.

Уни Афғонистон амири Омонуллахон қабул қилиб, доимий яшаши учун унга маҳсус қароргоҳ ажратиб берган. У Кобулда яшаса ҳам Бухородаги озодлик ҳаракатига ғоявий жиҳатдан раҳбарлик қилишда давом этган, кўрбошилар ва уламоларга турли мактублар ва қимматбаҳо совғалар жўнатиб, уларни курашга илҳомлантирган. Олимхон Кобулда ўзининг эсдаликларини ёзиб тугаллаган. Узоқ давом этган ҳасталиклардан сўнг Қобулда вафот этган. Кобул атрофидаги “Шаҳидони ислом” (Ислом шаҳидлари) қабристонига дафн этилган. Олимхоннинг хотиралари Парижда француз тилида (1929 йил), кейинчалик Ғарбда форс тилида, Ўзбекистонда ўзбек ва рус тилларида (1991 йил), Тожикистонда тожик тилида (1992 йил) алоҳида китоб сифатида чоп қилинган. Олимхон ҳикмронлиги даврида Бухорода “Олимхон мадрасаси” қурилган, “Ситораи Моҳи Ҳоса” саройини қуриш якунланган.

@unutilgan_tarix