Get Mystery Box with random crypto!

БЕНАМОЗ Беш ёш эдим, ўқимоқчи бўлдим намоз, Сура ёдлаш масал | UMRAH TRAVEL UZB🕋

БЕНАМОЗ

Беш ёш эдим, ўқимоқчи бўлдим намоз,
Сура ёдлаш масаласи қийнарди бироз.
Шундай қилиб ўтди қишу, ўтди баҳор, ёз.
Менга эрта экан, дея бўлдим бенамоз.
                                 
Кунлар ўтди, қаршиладим ўнта баҳорни,
Эртаю кеч чўмилдик зериктирмай анҳорни.
Жойнамозни четга суриб тутдим дуторни,
Ўйин билан ўтди куним, бўлдим бенамоз.
                                  
Келиб қолди йигирма ёш бўлиб меҳмон,
Иймон эмас қалбда севги бўлди султон,
Ёр васлига етай, дея сарсон саргардон,
Ишқ ўтида куйиб-ёниб, бўлдим бенамоз.
                                 
Қирқ ёшимни қарши олдим тўкиб савлат,
Елиб- учдим тўплай дея молу давлат.
Масжидга юр деса, дедим йўқдир фурсат,
Бу дунёни дардида бўлдим бенамоз.
                                 
Олтмиш баҳор ўтди, олтмиш кун мисол,
Кеч англадим, азиз умрим бўлибди увол.
Ибодатга турай десам йўқдир мажол,
Ўз жонимга жабр айлаб бўлдим бенамоз.
                                 
Саксонимда дард тўшакга қўйди жойлаб,
Қўл оёғим қимирламас йиллаб, ойлаб,
Ҳайҳот, ўлим фариштаси турар пойлаб,
Кетар бўлдим бу дунёдан бўлиб бенамоз..
                                 
Бугун ҳасратдаман, изтиробдаман,
Қабримда на бўй бор, на бордир эни.
Ягона ўтинчим сўрайман Сендан
Роббим, бир лаҳзага тирилтир мени!
                                 
Умримни совурдим ел-шамолларга,
Берилдим сафсата, хом хаёлларга,
Бугун юзим тутдим минг заволларга,
Роббим, бир лаҳзага тирилтир мени!
                                 
Кўзимни яратдинг, лекин кўрмадим,
Ҳақ йўлни эшитиб, унда юрмадим,
Умрим бўйи ухлаб, асло турмадим,
Роббим, бир лаҳзага тирилтир мени!
                                 
Бугун ҳаётимнинг зиёси сўнмиш,
Қоп-қора қарғалар қабримга қўнмиш,
Танимни юлажак тиконлар унмиш,
Роббим, бир лаҳзага тирилтир мени!
                                 
Тақвони эгнимга қилайин либос,
Барча гуноҳлардан бўлайин халос,
Ягона ўтинчим – Сендан, илтимос,
Роббим, бир лаҳзага тирилтир мени!
                                 
Не йўқотар эдим, қилсам ибодат,
Наҳотки, шунчалар босибди ғафлат,
Алам билан сўрай фақат ва фақат,
Роббим, бир лаҳзага тирилтир мени!
                                 
Танимни бир кўринг – қоп-қора кўмир,
Баданим нимталар қизиган темир,
Оҳ, афсус, берилмас қайтатдан умр,
Роббим, бир лаҳзага тирилтир мени!
                                  
Аллоҳим, изн бер, қабримни ўяй,
Иймон лаззатини қалбимда туяй,
Бир бора бошимни саждага қўяй,
Роббим, бир лаҳзага тирилтир мени!!

Ижтимоий тармоқдан, муаллиф номалум.
Муаллифдан Аллоҳ рози бўлсин.


Дўстларга ҳам улашинг!
Манзил: Асака шахри
t.me/umrah_travel_uzb