Get Mystery Box with random crypto!

​​#нимадир. Хайрлашув... Унга яқингинада бўлган туғилган к | Ummu Zaynab Ummu-Azizaxon Ismoilova ijodi kanali

​​#нимадир.

Хайрлашув...

Унга яқингинада бўлган туғилган кунида жуда кўпчилик бахт тилаган экан:

"Бахтли бўл!"
"Бахтинг ўзингдек чиройли бўлсин!"
"Бахтингдан қолишмай юр!"

Унга кўпчилик ҳурматини изҳор қилган экан:

"Сиз билан танишганимдан ҳурсандман!"
"Чексиз ҳурматим ифодаси сифатида..."
"Ҳурмат билан... Фалончи!"

Мен кузатаётган профил эгасининг тадбирлар-у минбарларга тўла ҳаёти бор экан, оташин шеърлари...

Севги ҳақида,
Она ҳақида...
Худо ҳақида!

У "Менинг призидентим, келажагимни шу инсон раҳнамолигида тасаввур қиляпман!" дея постлар қўйган экан...

Байроқлар, байроқ рангидаги кўйлаклар билан...

У ҳаётда ўз ўрнини топган, топаётган, қайсидир манзилга куч-ғайрат билан интилаётган ажойиб қиз экан!

Бир кун олдин у шундай сўзларни ёзиб пост қўйибди:

"Бунча гўзалсан ҳаёт! Сен танишганларим ичида энг чиройлисисан!"

Изоҳлар йўлагини очдим:

Йигирма саккизта изоҳнинг сўнггиларида истиржо ояти ёзилибди:

Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!

Бу фалак ана шундай англаб бўлмас қонуниятлар ичра айланади:

Биз ўлишини тушимизда ҳам кўрмаган, хаёлимизга ҳам келтирмаган одамимизга негадир табрик чоғи ана шундай ғайриоддий тарзда умр эмас, фақат бахтлар тилаймиз!

"Бахтиёрлар жаннатдадирлар!" (Худ сураси 108 оят)

Биз уни таниганимиздан, бу ҳаёт йўлларида шу исмни учратганимиздан ҳурсандлигимизни фурсат борида билдириб қолгимиз келади...

Аммо...

Атрофдагиларни анча олдин бир оқимга солиб қўйган, бир хил гапиртиришни уддалаган бўлса-да нишондаги одамга- ажал нафаси энг охирида сездирмай яқинлашади...

Балки сездириб, умид тарафга қаратиб қўйиб...

Афсуски, "бунча гўзалсан, ҳаёт!" дея изҳори дил қилаётган юракнинг сўнгги титроқда нималарни ҳис қилаётганини - биз эмас, фақатгина жон томиридан-да яқинроқ бўлган Зотгина тушуна олади!

Азизахон Исмоилова


@Ummuzaynabummuijodi