Get Mystery Box with random crypto!

​​#нимадир. Нисбийлик нима? Вақт нисбий. Соат милларига | Ummu Zaynab Ummu-Azizaxon Ismoilova ijodi kanali

​​#нимадир.

Нисбийлик нима?

Вақт нисбий.

Соат милларига бўйсунмайдиган миллионлаб сайёралар кўкда бемалол сузиб юрибди. Уларнинг ерга нисбатан қанча масофада эканини ўлчолмай, олимлар қариб-қартаймоқда!

Умр нисбий.

Ўттиз ёшли инсон бажарган ишни тўқсон ёшлиси қилолмасдан ўтяпти...

Отаси қурган уйнинг ёнига ақалли хожатхона қуролмаганлар бор...
Умри ўтяпти, битта чўп- у ёқдан бу ёққа силжимайди!

Ғам нисбий.

Сизни дод дегизиб юборган синов- кимнидир анордек бағрини нимталашга, тишининг оқини бировга кўрсатишга минг чиранмасин ожизлик қилади...

Бахт ҳам нисбий.

Кимдир шу бир кунини- ҳотиржамликда, тинчлик билан ўтказиб олганига шукр қилади. Бошқаси эса юмшоқ ўринда тўлғониб, кўзга инмаётган уйқусини пойларкан, ўзини оддий нарсаларда ҳам бахтсиз санаб, милт-милт кўз ёшлар тўкади...

Баъзан бир ишдан малолланишимиз ҳам ва баъзан нимадандир хафа бўлишларимиз ҳам нисбий тус олган.

Кеча биров ғалати қараб қўйганига хафа бўлардик...
Бугун...
Қийин кунимизда улар ортига қарамай кетганига ўкиняпмиз...

Йўриқ шундай...
Бизнинг ўлчовларимиз хато, қаричларимиз қисқа, торозуларимиз бузуқ, одимларимиз чалкаш...

Ҳисобни зарраларда юритадиган, аниқликни севадиган, ҳисоби чалкашмас, адолати устувор, ҳар нарсани доли гулига, ҳолини ҳолига тўғрилайдиган Зотнинггина ўлчови тўғридир!

Унинг йўриғида Қуёш- миллион йиллик йўлидан заррача ҳам оғишмай ўз уфқи томон силжийди. Ой Ернинг теграсидан қочмайди...

Унинг хоҳиши ила ўзининг бир кунлик умрида капалак, минг йиллик умрида эса қарға-туғилади, насл қайғусини қилади ва яна жимгина ерга қоришиб йўқ бўлади...

Сабри бор-йўғи бир томчигина бўлган кимсага-бир томчи ғам томизғиси томизилгандек, сабри уммонга уммон қадар ғамлар пўртана ясаб силжийди. Айтамизки, ҳеч нарса тоқатимиздан ортиқ эмас экан...

Ummu Zaynab Ummu

@Ummuzaynabummuijodi