Get Mystery Box with random crypto!

#нимадир. Баъзан бизга ҳаётнинг ўзи ойна тутади. Унга қараб | Ummu Zaynab Ummu-Azizaxon Ismoilova ijodi kanali

#нимадир.

Баъзан бизга ҳаётнинг ўзи ойна тутади. Унга қараб ўз камчиликларимизни тузатамиз. Тасаввур қилинг қаршингиздан худди ўзингиздек одам чиқди ва у худди сиз йўл қўйган хатоларни содир этяпти.

Нима қиласиз?
Ҳа, меники ҳам ташқаридан қараганда шунақа кўринаркан-да деб ҳулоса оласиз.

Авваллари пост ёзаётганимда "кимгадир ваъда бергандим" ёки "кимдир сўрабди", "кимлардадир савол туғилибди" каби жумлаларни ишлатар эдим. Ҳозир ишлатмасликка ҳаракат қиляпман. Чунки буни ўқиётган одамнинг ҳамияти агар меникичалик бўлса албатта оғринар экан.

Шунинг ўрнига эринмасдан "фалончихонга ваъда бергандим", "бир қадрдонимиз сўраган экан", "бир опамизда шунақа савол туғилибди" каби сўзлардан фойдаланиш нариги томонга албатта ёқимли туюлишини ҳис қила бошладим.

Бу аввало ҳурмат. Мен буни ўзимда ҳис қилиб кўрдим. Напалеон ҳамма аскарининг номини ёддан билган, бу инсонга яқинлик ва илиқ ҳиссиёт беришини у жуда яхши тушунган.

Мен авваллари ҳикояларимни ўғирлаб кўчирганларга ўз реакциямни кўрсатардим. Ҳозир индамайман. Агар Аллоҳ инсоф берганда, бериб қўярди дейману жимгина кетаман. Бир қизда кўрганларим қаттиқ таъсир қилгач, ўзимни шунақа тутадиган бўлдим. У қиз ҳикояларини биров кўчирмаслиги учун фақат ўзига яқин ишончли одамларнинг личкасига ташлаб бераркан.

Мен бунчалик қаттиқ қўриқланадиган ҳикояга табиийки қизиқдим. Аммо...

Майли, ҳар қалай у қизни тушунса бўлади. Биз нимадир ёза бошлаганимизда бу иш қўлимиздан келгани учун еттинчи осмонга чиқиб кетамиз. Кейин тушкунликлар бошланади...

Ижод ташвишлари...

Бориб-бориб аслида одам қилган ишни қилган оддийгина қаламкаш эканлигимизни тушуниб қоламиз.

Ҳуллас инсон боласи бу дунёда яшар экан ҳамиша ўзгаришлар жараёнини бошидан кечиради. Кеча кўрган одамингиз аслида бугун бошқа одам...

Ummu Zaynab Ummu

@Ummuzaynabummuijodi