Get Mystery Box with random crypto!

#нимадир. Акамнинг бир аниқ фанларга қобилиятли синфдоши бўл | Ummu Zaynab Ummu-Azizaxon Ismoilova ijodi kanali

#нимадир.

Акамнинг бир аниқ фанларга қобилиятли синфдоши бўлган. Отам раҳматли ҳаммамиздан мактаб ва у ердаги синфдошларимиз ҳақида сўраб суриштириб турардилар ва албатта акамнинг гап сўзларидан ана ўша Зикир исмли ўртоғининг ақлий салоҳиятидан воқиф бўлганлар.

Зикир аканинг ота-онаси камтарона ҳаёт кечирадиган одамлар бўлган. Яшаш учун кураш, тирикчилик ғами болаликдан унинг ҳам гарданига тушган дея оламан.

Эс-эс биламан отам шу йигит ҳақида кўп ачиниб гапирардилар. Акам фармацевтика институтига ҳужжат топширганда, шахсан падари бузрукворим Зикир аканинг ота-онаси ёнига бориб "болангизни ўқитинг, агар имконингиз етмаса мана ман ўқитаман!" деганлар.

Афсуски, Зикир аканинг ота-онаси бунга рози бўлмаган, "ўғлим ёнимга кириши керак, ҳали ташвишимиз кўп" деб жавоб беришган.

Кўп ўтмай Зикир акага чақирув қоғози келиб армияга жўнаб кетган ва у ердан ногирон бўлиб қайтиб келган.

Майли, қисмат-қадар шунақа экан деймиз. Отам шу йигитга жуда кўп ачинди.

Камбағал оилаларда тўртта ёки бешта фарзанд ичидан биттаси яхши ўқишда ўқиб, катта одам бўлса албатта укаларини ҳам ёнига тортиши мумкин. Кимдир ўша ўрадан чиқиб олиши керак.
Аммо буни ҳамма ҳам тушунавермайди.

Юқоридаги лавҳани кўриб мен ҳам ўз синфдошимни эсладим. Уям ақлли бола эди аммо оилавий шароити кўтармагани учун ўқий олмади. Анча йиллардан кейин уни нон сотиб юрганини кўрдим.

Фақир оилалар ичида жуда кўп билимли болалар бўлади аммо улар контракт пули тўлолмагани учун ўқий олмайди. Ҳуллас гапирса гап кўп.

Youtube асосчиларининг икки нафари оддий эмигрант оиладан чиққан болалар бўлган. Бири бенгалиялик, бири Тайванда туғилган.

Google бошқарувидаги ҳинд ҳам камбағал оиланинг фарзанди. Британия бош вазири бўлиб сайланган одам ҳам аслида Ҳиндистонлик.

Айта оламанки, шундай болаларни юзага чиқарадиган лойиҳалар албатта бўлиши керак. Қашқадарёнинг Чироқчисидан етишиб чиққан Хушнудбек Худойбердиев бу йил ҳам ўз ҳисобидан 31 нафар талабанинг контракт пулини тўлаб берди.

Бизда меценатлик ривожланиши шарт. Ўйламанки ана шунда ақлли болалар албатта ўқийди ва ҳаётда ўз ўрнини топади!

Ummu Zaynab Ummu

@Ummuzaynabummuijodi