Get Mystery Box with random crypto!

​​#нимадир. КЎНГЛИ ОЧИҚНИНГ КЕТИ ОЧИҚМИ ЁКИ ЙЎЛИ? Баъзи инс | Ummu Zaynab Ummu-Azizaxon Ismoilova ijodi kanali

​​#нимадир.

КЎНГЛИ ОЧИҚНИНГ КЕТИ ОЧИҚМИ ЁКИ ЙЎЛИ?

Баъзи инсонларда тажриба улашиш борасида ғайирлик ва баҳиллик бўлади. "Мен буни ўргангунча қанча чиғириқдан ўтдим, кимга керак бўлса ана- ўзи ўрганиб олсин, шунда ўрганганларининг унга қадри бўлади!" деб ҳисоблайди. Ҳа, бир тарафдан улар ҳақ!

Яна шундай инсонлар борки, улар ўзларида борини ҳаммага ўргатгиси келади, биров "қийналмасин", "ортиқча заҳмат чекмасин" дейишади улар. Савоб тарафини ўйлагани учун ҳам балки шунақадир деб ўйлаймиз!

Ишлаб юрган пайтим битта жудаям кўнгли очиқ, ҳамманинг корига яраб кетаверадиган, ўзи билган нарсани эринмай ҳамма икир-чикирларигача ўргатадиган бир ҳамкасбим бор эди.

Баъзан бир уқувсиз шогирд у ўргатган ишни эплолмасди-да ёнига учиб келиб унга ёзғиришни бошларди:
"Мунақа дегандиз, қилсам ўхшамаяпти-ку! Нима, тўғри ўргатсангиз бўлмайдими?"

Буни кузатиб турган катта-катта устозлар айтарди: "Эсиз, ўргатиб балога қолди-я, шунинг учун айтишади-да, кўнгли очиқнинг кети очиқ деб! Мана аҳвол!"

Ҳаммага яхшилик сиғинувчи оқкўнгил ҳамкасбимиз миқ этмасдан яна ҳалиги бўйни йўғонга барини нолдан бошлаб тушунтира бошларди.

Биласизларми, ҳаёт ҳеч кимни ҳеч кимга бежиз рўпара этмайди. Ҳамма қатори камина ҳам ўша кўнгли очиқ ҳамкасбимдан жуда кўп нарсаларни ўргандим. Баъзи гаплари яшаш тамойилларимни ўзгартириб юборди ҳатто!

Ҳозир ўйлаяпман: у менга устоз қаторида эдими? Жавобим- сўзсиз, ҳа!

Чунки ҳалиям у ўргатгандек яшаяпман ва иш тутяпман.

"Шунчалик яхши бўлгинки, сени тарк этганлар бир кун келиб, қилса-фақат ўзига зулм қилганини тушуниб етсин!"

Ҳамма нарсага жуда катта энергия сарфлашим, комилликка интилиш, яхшилик улашишга шошиш, билган нарсаларимни бошқаларга ўргатиш ва ўргатмагунча ичим қизиб туравериши-менда тез-тез кузатиладиган ҳолат.

Балки шу сабаблими, кимлардир ғашимга тегадиган гаплар ёзади, уларга ўзимни ақлли кўрсатишим ёқмайди аммо... Блоклагудек бўлсам, яна дарров бошқа профил очиб эшикдан ҳайдасам, тешикдан келиб мўралашда давом этаверишади.

Шунинг учун ёмон фанатларниям имкон қадар тушунишга ҳаракат қиламан. Мана мен орадан йигирма йил ўтиб кетган бўлса ҳам ўша кимлардир "кўнгли очиқ-кети очиқ" ҳисоблаган ҳамкасб-устозимни эслаяпманми, демак қачонлардир ўзим ҳам яхши ёки ёмон деб ким томонидандир эсланишимга умид қилсам бўлаверади.

Кўнгли очиқнинг ҳечам кети очиқ эмас. Берган қўлнигина тишлашади, ҳеч ким чўнтакда жим турган қўлни бориб тишламайди.

Кимларгадир фойдангиз тегаётгани учун ҳам ҳунук кўринасиз, чунки ҳамманинг ақли ҳар-хил. Кимдир ўзига қилинаётган яхшиликни баъзан ёмонлик деб тушунади.

Мен кўнгли очиқ инсонни ҳамиша йўли очиқ деб сифатлайман. Билганларини гўрига олиб кетмади, ўргатди! Ўша пайт кўзимизга ким бўлиб кўринган бўлса ҳам...

Балки кимдир эслар, кимдир эсламас лекин нафсиламрини айтганда у баҳиллик қилмади!

Аллоҳ таоло барча яхшилик улашувчиларни Ўз ҳимматига лойиқ тарзда мукофотласин деб қоламиз...

Ummu Zaynab Ummu

@Ummuzaynabummuijodi