Get Mystery Box with random crypto!

​​#шеърият Ватан. Ҳар бир уйда айғоқчи, ҳар қадамда искову | Ummu Zaynab Ummu-Azizaxon Ismoilova ijodi kanali

​​#шеърият

Ватан.

Ҳар бир уйда айғоқчи, ҳар қадамда исковуч,
Одамни кўрса қочар, бедовларинг хурковуч,
Ошингга заҳар солди, ғанимларинг бир ҳовуч,
Ёвузларни қўлида гулдек Ватаним қолди,
Бошида паноҳи йўқ тулдек Ватаним қолди.

Нон бермайди ва лекин нон берганни ўлдирар,
Бозор бормай қўйнингни пуч ёнғоққа тўлдирар,
Ўсиб турган ниҳолни аёз каби сўлдирар,
Ёвузларнинг қўлида гулдек Ватаним қолди,
Бошида паноҳи йўқ тулдек Ватаним қолди.

Ҳар кўчада минг миршаб, ҳар гўшада авахта,
Ҳақ деганнинг оғзи берк, қон ютар лахта-лахта
Ўзику пахта эккан ёстиғи бўлди тахта,
Ёвузларнинг қўлида гулдек Ватаним қолди,
Бошида паноҳи йўқ тулдек Ватаним қолди.

Қайларгадир йўқолди меҳр билан муҳаббат,
Қўлида ханжар ушлаб адоват қолди фақат,
Ёмон гап арзон-гаров, яхши гап бўлди қаҳат,
Ёвузларнинг қўлида гулдек Ватаним қолди,
Бошида паноҳи йўқ тулдек Ватаним қолди.

Илму-ирфон жаҳолат ғорига кириб кетди,
Ўлик-тирикдан, тирик ўликдан ўтди
Адолат истаб борсанг, ёлғон илжайиб кутди,
Ёвузларнинг қўлида гулдек Ватаним қолди,
Бошида паноҳи йўқ тулдек Ватаним қолди.

Тўғри ўйлар бир четда, эъзоздадир иғвогар,
Қайтдик ўрта асрга одам пуллар савдогар,
Минг йиллик ҳазинангни талаб ётар ўғри-ғар
Ёвузларнинг қўлида гулдек Ватаним қолди,
Бошида паноҳи йўқ тулдек Ватаним қолди.

Ўлиб ҳам бўлмай қолди, ювғуч урар кафандан,
Кимлардандир юққан кир кетмас сира бадандан,
Қуруқ ҳашаклар қолди гуллаб турган чамандан
Ёвузларнинг қўлида гулдек Ватаним қолди,
Бошида паноҳи йўқ тулдек Ватаним қолди.

Қочган ҳам халқим дейди, халқим дейди қувган ҳам,
Лекин халқнинг аҳволин ўйламас бирор одам,
Жаллод ҳам халқ номидан ўқир фармонни бу дам,
Ёвузларнинг қўлида гулдек Ватаним қолди,
Бошида паноҳи йўқ тулдек Ватаним қолди.

Турфа хил замонларни кўрган битта инсонман
Гоҳ фаҳр этсам, гоҳида барига пушаймонман,
Нетайки, мен на Хорун на ёки Сулаймонман,
Ёвузларнинг қўлида гулдек Ватаним қолди,
Бошида паноҳи йўқ тулдек Ватаним қолди.

Барчасига сабабдир асли наслинг балоси,
Мехнаткаш халқнинг эса ечилмас муддаоси
Иншааллоҳ, бандага боққай бир кун Худоси
Ёвузларнинг қўлида гулдек Ватаним қолди
Бошида паноҳи йўқ тулдек Ватаним қолди.

Абдулла Орипов.
Умрининг охирида ёзган, аммо чоп этилмаган шеърларидан бири.

@Ummuzaynabummuijodi