Get Mystery Box with random crypto!

#нимадир. Ухлаш учун тайёрланаётсам, ТВ да бир аҳмоқона кўр | Ummu Zaynab Ummu-Azizaxon Ismoilova ijodi kanali

#нимадир.

Ухлаш учун тайёрланаётсам, ТВ да бир аҳмоқона кўрсатув бўлаётган экан. "Аҳад Қаюм and Co" деймизми, хуллас билмадим, бу лавҳада Фармонбиби ҳам бор, Сотти ҳам, режиссёр ва унинг суфлёри ҳам...

Атай нервларим физзарядка қилиб олиши учун ўша аҳмоқона кўрсатувга кўз тикиб ётдим. Асабим ўйнаб, ўчиб қоляпти. Бўғилиб маза қилишам йўқ.

Кейин мақсадни сал тушунгандек бўлдим: ТВ эфир вақтини қандай тўлдиришни билмаяпти, назаримда! Кимдир чиқиб "гапирувчи оғиз" ролини бажариши керак. Кимлигининг фарқи йўқ.

Ҳуллас, жинни кўрсатув тугади. Кимга ачинишни билмай манам ухлаб қолдим. Бир пайт уйғонсам, худди ўша каналда Мэл Гибсоннинг "Шерюрак" фильми намойиш этиляпти. "Ия!" дедим.

Бу фильм мен ёқтириб кўрадиган саноқли фильмлардан биттаси. Кўрсам, Қурбонжон Додхоҳга айланиб қолгандек ҳис қиламан ўзимни.

Кўриб ётдим. Мия яна анализ қилишни бошлади. Фильмда ҳеч бир деталь ортиқча эмас. Айниқса, жанг майдонида шотландларнинг инглизларга кетини кўрсатиш саҳнаси ҳам тарихий факт.

Тўпори одамлар бўлишган. Уруш-ўз номи билан уруш! Унда бундан баттар жинниликлар ҳам бўлгани аниқ!

Уильям Уоллес ёндош қирлардан югуриб баланд қояга чиқиб кетадиган жойи бор. Ўша ерда шотланд миллий мусиқаси янграйди. Кейин қояда бир ўзи турган Уоллесни камера чир айланиб ҳар тарафдан суратга олган жойи бор.

Ўша пайт қаҳрамон ичидан ўтказаётган фикрларни томошабин сўзсиз ҳам тушунади:

"Бу кураш учун қисмат мени танлади! Кимдир ватан учун ўзини фидо қилиши керак эди. Ўша одам менман!"

Тафаккур қиласиз. Бир инсон туғилди ва чиндан ҳам қисмат уни барига балогардон бўлиши учун танлаб олди. Унда оила ва ҳаётнинг ширин дамлари бўлмайди. Умри жангларнинг бирида ёки ҳиёнат сиртмоғида тугаши мумкин. Аммо уни қисмат танлаган. Бу юк унинг зиммасида! Бошқа одамга ошириб қўйишнинг иложи йўқ.

Мана шу ғояни тўла акс эттириб бериш, томошабинга ҳис қилдириш режиссёрлик иши деб аталади. Бир соату йигирма минутли кинонинг ҳар бир дақиқаси ғанимат. Ҳеч кимнинг бир дақиқани бўш ғоя билан тўлдиришга ҳаққи йўқ.

Мэл Гибсон ҳозир омадсиз ва ичувчи одамга айланган. Семириб, экранга сиғмайдиган кўринишга келиб қолди. Рол ўйнаш тугул, хатто фильм ҳам суратга олмаяпти. Аммо мен ўйлайманки, бир инсон сифатида у қилиши керак бўлган ишини қилиб бўлди.

Ҳа, тақдир берган намёкни ҳамма ҳам ҳис қилавермайди. Кимдир ўзига берилган имкондан фойдаланиб, исмини шарафли ном сифатида танита олади, кимдир эса йўқ.

Менимча томошабинга ҳақиқий кетини очиб кўрсатиш унинг вақтини бекорчи нарсалар билан ўғирлаётганлар томонидан содир этилади.

Ҳаётда ҳар кимни омад бир бор йўқлаши рост гап. Элнинг қаршисига чиқасиз ва халқ билан рўпарама-рўпара турасиз. Кимдир шу дақиқанинг милли-милли сонияларигача бой бермай имкон қадар қозониб қолади. Кимдир эса бу имконни нега ўзига берилганини тушунмай қўлдан чиқариб юборади.

Гапларим таъсирчанликдан эмас, мен шунчаки профессионализмни ёқтираман. Ўзига имкон берилган аммо бу имкон нима эканлигини тушунмай юрганларга ғашим келади, очиғи!

https://t.me/+YFNAZJIjuchlZDAy