Get Mystery Box with random crypto!

​​#тавбаи_насуҳ Муаллиф: Ummu Zaynab Ummu 228-қисм. Энд | Ummu Zaynab Ummu-Azizaxon Ismoilova ijodi kanali

​​#тавбаи_насуҳ
Муаллиф: Ummu Zaynab Ummu
228-қисм.

Эндигина оғиз жуфтлаганди ҳамки, қорининг боя айтган гапи эсига тушиб қолди:
“Кўзингизни юмиб, ичингизда калима қайтариб ўтиринг! Васвасаларга учманг!”
Онги тўзғиб кетган уйдек , минг қидирса ҳам Абдулмажид қори айтган калималарнинг қандай сўз билан бошланишини эслолмади. Аллақандай овоз “ўзидан сўраб қўя қолсанг-чи, шунгаям ўйланиб ўтирасанми?” дея ақл ўргатиб, ичини қиздира бошлади.
“Йўқ, ўзим топишим керак... Эслашим шарт! Лаа... Илааҳа иллаллоҳу... Муҳаммадур росулуллоҳ... Ҳа! Шунақа эди, эсладим...”
“Йўғ-ей, сал бошқачароқ ўқилмасмиди? Адашдинг! Яхшилаб эсла! Ахир бу калималарни болалигингда ёдлагансан-ку! Орадан қанча вақт ўтиб кетди. Уларни сенга ёдлатаётган маҳал мулла Аҳмадшо ҳар доим хатойингни тўғриларди: эсла!”
Эслашга уриниб, зўр бериб тириша бошлади, васвасага солиб, фикрлашидан чалғитаётган овоз эса баттар авжига чиқди:
“Нотўғри ўқияпсан, нотўғри! Хўп деявер, бунақа ўқилмайди... Ичагингга дам йиғиб зўрға ўтирибсан-ку, шунақа ҳолатда ўқиган ўтар эканми? Таҳоратинг синса нима?
Инсонсан-хатокорсан, елни қўйиб юбор-да, шарт чиқиб бошқатдан таҳорат олиб кел! Қори кутиб туради...”
Иёз унга қулоқ солмасликка тиришди: “Ашҳаду аллаа... илааҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна...”
“Хой, биринчиси “ашҳаду анна” бўлади, иккинчиси “ашҳаду алла!” Адашдинг! Хато! Хато... деяпман сенга, бўлди, қайтаравермасанг-чи!”
Иёз истиғфор айтишга зўр берди. Калималарни хато айтиб қўйишдан чўчиб, маъносини англагани қадар ўз тилида тинмай қайтараверди:
“Роббим хатоларимни кечир! Гуноҳимга истиғфор айтаман. Кечиришингга, ёрдам беришингга ишонаман, мени кечир!”
Секин аста ичидаги васвасачининг овози ўчди. Абдулмажид қори бу пайтда чиройли қироат билан Бақара сурасидаги бир оятни такрор ва такрор ўқиётган эди:
“Ва илоҳингиз бир илоҳдир. Роҳман ва Роҳийм бўлмиш Ундан ўзга ибодатга сазовор Зот йўқдир.”



Афшар хоним дарвозахона устунидаги чироқни ёқиб қўйиб то эрталабгача ўғлининг қайтишини кутди.
Ора-чора бир кўзи илинди, қанақадир туш кўришга ҳам улгурди. Аммо қулоғига эшикнинг ғичирлаган овози киргандек бўлди-ю, сапчиб ўрнидан туриб кетди. Қараса, Иёз ҳалиям жойида йўқ.
“Эҳ Иёз, Иёз! Қаердасан, ўғлим?! Бунақа айтмай чиқиб кетадиган одатинг йўқ эди-ку!”
Ошхонага кириб нонуштага ҳозирлик кўрди. Чойнак устига ғилоф кийдириб, дарвозадан кўз узмаган қўйи яна бироз ўғлининг келишини кутди. Дараги бўлавермагач, кўчага чиқиб у ёқ бу ёқни қараб келди.
Кўчада дайдиб юрган бир гала итдан бошқа ҳеч зоғ йўқ!
Афшар хоним Иёз бориши мумкин бўлган ҳамма жойни бир қур хаёлдан ўтказди.
“Иш билан шаҳарга кетдимикан-а? Йўғ-ей, ўзи вақт шомдан ўтиб, хуфтонга яқинлашиб қолганди-ку...
Кечаси шаҳарда нима қилади?!”
Кун ёйилгунча ўн мартадан зиёд кўчага чиқиб-қайтди. Ўтган-кетгандан ўғлини сўроқлатди.
Охири сабри чидамай, кийиниб, Давлатникига жўнади.  Собиқ ҳизматчи ўзи эндигина Иёзнинг этагидан ажраб, уйига қўр тортиб ўтирганига икки кун бўлганди. Остонада Афшар хонимни кўрди-ю Давлатнинг ҳам хаёлига ғалати ўй-хаёллар келди.
—Дачани ҳам қўлдан кетди деяпсиз... Қизиқ, унда қаерга кетган бўлиши мумкин?!
—Билмадим, ҳеч ақлим етмаяпти. Бир ўртоқлариникини ўзинг бориб, суриштирасанмикан-а?
Давлат азалдан хонимнинг биронта буйруғига бўйин товлаган эмас. Бу сафар ҳам “хўп!” деди.
Равшанникига борса, уйда ҳеч ким йўқ экан, у ердан нари Соҳибникига жўнади. Кейин Барот кабобпазнинг ошхонасига ҳам бир бош суқиб чиқди.
Иёзнинг Мурод деган эски синфдошининг уйи уч маҳалла пастда эди, Давлат эринмай ўша ёққа ҳам борди. Кейин яна орқага қайтиб, анҳор ёқалаб Шарифнинг шийпонини кўздан кечирди. Хувиллаб ётибди.
“Ерга кириб кетдими ё қанот чиқариб осмонга учдимикан-а? Яна қаер қолди?”
Давлатнинг хаёлига Иёз гоҳ-гоҳида Гулзода исмли аёл билан учрашиб турадиган ижара уй келди. Борса, у ер ҳам қулф экан. Эгаси "анчадан бери бўш ётибди" деди.

(Давоми бор)

@Ummuzaynabummuijodi